Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 22 июнь куни “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро форум доирасида Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеяси аъзолари билан учрашув ўтказди.

Унда Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеяси аъзолари, Олий Мажлис Сенати вакиллари ва Қонунчилик палатаси депутатлари иштирок этди.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеяси ўртасида парламентлараро муносабатларни янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари юзасидан фикр алмашди.

Туркий кенгашга аъзо давлатлар парламентлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида мунтазам равишда делегациялар алмашинувини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Тадбирда савдо-иқтисодий, туристик, илмий, маданий ва бошқа йўналишлардаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш, шу жумладан, Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеяси доирасидаги ўзаро шерикликни янада мустаҳкамлаш бўйича қатор масалалар кўриб чиқилди.

Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеяси аъзолари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар, хусусан, тадбиркорликни ривожлантириш, логистика ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар стратегиясини юқори баҳолади.

– Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеясига аъзо бўлиши жуда муҳим масала. Биз бу борада узоқ вақт иш олиб бордик. Турк Парламент ассамблеяси Ўзбекистоннинг аъзолигисиз кучли иттифоқ бўла олмайди, – деди ТуркПA Ҳуқуқий масалалар ва халқаро алоқалар комиссиясининг раиси, Туркия Буюк Миллат Мажлисининг депутати Исмет Учма.

Учрашувда мамлакатимизнинг ТуркПA билан ижтимоий-сиёсий йўналишлардаги алоқалари ҳам ривожланиб бораётгани қайд этилди. Бунга 23-24 июнь кунлари Бухоро шаҳрида бўлиб ўтадиган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро форум яққол мисол бўлади.

Мулоқотда ушбу форум юзасидан ҳам фикрлар алмашилди.

 

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА