Парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари кучайтирилмоқда.
Шунингдек, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва фуқароларга сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш ва санитария-муҳофаза зоналари режимини бузиш тақиқланиши белгиланиб, ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан бериладиган рухсатнома асосида амалга оширилиши тартиби киритилди.
Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилишни жадаллаштириш, сувдан оқилона фойдаланишга, сув хўжалиги объектларидан фойдаланишда давлат-хусусий шериклиги тамойилларини жорий қилиш ва давлат бюджети харажатларини камайтиришга хизмат қилади.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам халқ вакиллари томонидан биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларида апелляция ва кассация шикоятларининг мазмунида ва қайтариш асосларида назарда тутилган бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда.
Қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг одил судловга эришиш даражасини оширишга, уларнинг ортиқча сарф-харажатларини тежашга, мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги нуфузини оширишга ҳамда қонунчиликдаги айрим бўшлиқларнинг бартараф этилишига хизмат қилади.
Депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг кун тартибидаги навбатдаги масала – “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.
Қонун лойиҳаси билан Фуқаролик процессуал кодексида янги институт жорий этилмоқда. Унга кўра, соддалаштирилган тартибда иш юритиш агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан – базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса – ўн бараваридан, фуқароларга нисбатан эса – беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозимлиги белгиланмоқда.
Шунингдек, соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда кўриб чиқилиши кўзда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Нурилло Насриев, ЎзА