Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, бу йил мамлакатимизда яна 9 та янги олий ўқув юрти ва 15 та таълим йўналиши очилади.
16 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим тизимини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда олий таълим тизимидаги камчиликлар таҳлил этилиб, соҳани ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланганди.
Бугун, 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг ҳафталик брифингида мазкур видеоселектор йиғилиши ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
– Мамлакатимизда 117 та олий ўқув юрти бор. Охирги йилларда хорижий университетларнинг 26 та филиали очилди. Натижада битирувчиларни олий таълимга қамраб олиш даражаси илгариги 9 фоиздан 27 фоизга ошди. Хусусий ва хорижий олийгоҳлар кўпайиб, соҳага рақобат кириб келди.
Йиғилишда таълим муассасалари учун, ёшлар учун янада кенг шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, олийгоҳлар бошқарув кенгашларининг ролини ошириш ва кафедралар ваколатларини кенгайтириш, таълим дастурларини қайта кўриб чиқиб, замон талабларига мослаштириш, докторантурага квоталарни 2 баравар ошириш, соҳани рақамлаштириш орқали қоғозбозликни камайтириш, ётоқхоналарни кўпайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Улар бу йилги Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида ёшлар учун янги имконият бўлади. Кейинчалик ўқишга кирадиган укаларимиз ва сингилларимизнинг манфаати учун катта пойдевор бўлиб қолади, – деди Президент матбуот котиби Шерзод Асадов.
ЎзА