Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов бугунги брифингда маълум қилган.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг душанба кунги анъанавий брифингида давлатимиз раҳбарининг ўтган ҳафтадаги иш жадвали, шунингдек, бошланган ҳафта давомида Президент иштирокида бўлиши кутилаётган тадбирлар ҳақида маълумот бериб бориляпти.
Бугунги брифингда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов жорий ҳафтада ўтадиган тадбирлар ҳақида қуйидагиларни маълум қилди:
– Бу ҳафтада ҳам қатор тадбирлар режалаштирилган. Бугун, 15-16 июль кунлари Тошкентда ўтиши режалаштирилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияга тайёргарлик бўйича йиғилиш, Тошкент шаҳрини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича тақдимот бўлиши кутилмоқда. Эртага мис ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш ҳамда саноат кластерини ташкил этиш юзасидан йиғилиш, 23 июнь куни Янги Ўзбекистон университетини ташкил этиш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот ўтказилиши мўлжалланган.
Тармоқ ва ҳудудларда инвестиция лойиҳалари ижроси ҳамда маҳаллий саноат лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор ҳам режага киритилган.
Шунингдек, жорий ҳафтада Президентимиз Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишади. Булар ҳақида ҳафта давомида яна хабар бериб борамиз, – деган Шерзод Асадов.
ЎзА