Нукус давлат педагогика институтининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори П.Калханов, халқаро алоқалар бўлими бошлиғи А.Бимбетов ҳамда чет тиллари кафедраси бошлиғи Н.Бабаниязова, шунингдек, Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси сиёсий масалалар бўйича котиби Х.Тошбоевдан иборат делегация Покистон Ислом Республикасининг Лаҳор шаҳрида жойлашган Панжоб университетига хизмат сафари билан ташриф буюрди.

Панжоб университетида бўлиб ўтган учрашувда делегация вакиллари шу йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон ўртасида ўтказилган онлайн саммитда икки давлат ўртасида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янги босқичга кўтариш масаласида музокаралар олиб борилганлиги катта тарихий аҳамиятга эга бўлгани айтилди.

Шундан келиб чиқиб, икки олий таълим муассасаси ўртасида талабалар, докторантлар ва профессор-ўқитувчиларни алмашиш, 6 ойдан 1 йилгача бўлган бепул ва барча харажатлари қопланадиган ўқув сафарларини ташкил этиш бўйича олиб бориладиган ишларни муҳокама қилди.

 

Е.Қаноатов, ЎзА