Президентимиз фаоллар йиғилишидан сўнг Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги вилоят кутубхонасига борди.
Кутубхона юз йилдан ортиқ тарихга эга. Айни кунда 93 мингдан зиёд номдаги 872 минг нусхадан ортиқ китоб фондига эга.
1965 йилда қурилган вилоят кутубхона биносида ўтган давр мобайнида жиддий таъмирлаш ишлари олиб борилмаганлиги боис, сув, канализация, иситиш, ҳавони янгилаб туриш тизимлари яроқсиз ҳолга келиб қолган эди.
Кутубхонада қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, канализация, иситиш тизмлари, шунингдек, бино томи тўла янгиланди. Бинонинг олд қисмига айвон қурилди, китоблар сақланадиган ертўла ва махсус хоналарнинг ости бетонланди. Юқори қаватларга чиқиб-тушиш учун лифт ўрнатилди.
Мухтасар айтганда, капитал таъмирланиб, энг аввало, китобларни сақлаш бўйича белгиланган барча талабларга жавоб берадиган, ўқувчилар, муассасада ишловчилар учун зарур шарт-шароитларга эга маданият-маърифат масканига айлантирилди.
Таъмирлаш ишлари Андижон шаҳридаги “Хон” МЧЖ қурувчилари томонидан амалга оширилди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари учун қарийб 6 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди.
– Бу жой Андижон вилоятининг маънавият маркази бўлиши керак. Фарзандларимизни ўқитиш – келажакка инвестиция. Шунинг бу ерга ёшларни кўпроқ жалб этиш, натижадорликни ошириш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Айни пайтда кутубхонада 68 нафар ходим ва мутахассис меҳнат қилмоқда.
Бугун вилоят кутубхонаси замонавий, ўзига хос қиёфаси билан Андижон шаҳрининг кўркига кўрк қўшиб турибди.
З.ЖОНИБЕКОВ, ЎзА