Давлатимиз раҳбари Андижон вилояти фаоллари йиғилишида маҳаллий кенгашлар ва ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари зиммасидаги масъулият ҳақида тўхталди.

– Биз жойлардаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича депутатлар, туман кенгашларига жуда катта ваколатлар берганмиз. Шундай тизимга ўтамизки, ҳар бир кенгаш раҳбари ҳоким бўлмайди. Кенгашга сайланган депутат унга раҳбар бўлади. Вилоят ҳокими ҳам вилоят кенгашининг раҳбари бўлмайди. Ижро органи раҳбари – туман, шаҳар кенгашларига ҳисобот берувчи. Бу тизимни онгимизга сингдирмаганимиз учун, одамлар ўргансин деб уни ушлаб турибман. Ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарда вазирлик ва республика идораларининг вакиллари бор. Лекин улар ҳалигача қуйи поғонага ҳисобот беришни ўрганмаган. Бизнинг ижро органимиздаги энг катта камчилик шу. Бу органлар вакиллари юқори ташкилотига суяниб ўз билганича ишлаб юрибди. Бу замон тугаган.

Бугунги қўйган мақсадимиз – аввало ҳар бир хонадоннинг бирини икки қилиш, иқтисодий барқарорлигини таъминлашимиз керак. Кўп ҳаракат, ҳисоб-китоблар қилаяпмиз. Лекин онгли равишда жамиятда халқа хизмат қилиш нуқтаи назаридан ижро органлари раҳбарлари уйғонмаяпти.

Барибир вилоят, туман, шаҳар ҳокимларини халқ сайлайди, қандай оғир бўлмасин шу кунга келамиз. Халқ жойлардаги ҳокимият вакилларидан ҳисобот талаб қилса, вазият ўзгаради, – деди Президент.

 

ЎзА