“Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисида 187-сонли конвенциясини (Женева, 2006 йил 15 июнь) ратификация қилиш ҳақида” ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди.
Мазкур конвенцияси ХМТнинг устувор конвенцияларидан бири ҳисобланиб, унинг мақсади – ишлаб чиқаришда шикастланишлар, касбий касалликлар ва инсонлар ўлимининг олдини олиш учун доимий равишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини такомиллаштириш.
Ҳозирги вақтда ХМТнинг бу конвенцияси 49 та давлат, шу жумладан, МДҲ мамлакатларидан Қозоғистон Республикаси ва Россия Федерацияси томонидан ратификация қилинган.
Конвенциянинг 2-моддасида конвенцияни ратификация қилаётган ҳар бир аъзо давлат иш берувчилар ва ишчиларнинг энг эътиборли ташкилотлари билан келишган ҳолда миллий дастур ишлаб чиқиш орқали касб касалликлари, ишлаб чиқаришдаги шикастланишлар ва инсонлар ўлимининг олдини олиш мақсадида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини доимий равишда такомиллаштиришга ўз ҳиссасини қўшиб бориши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси томонидан ХМТнинг конвенциясини ратификация қилиш миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришга, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ҳужжатларида белгиланган, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асосларига тааллуқли бўлган принципларни ҳисобга олган ҳолда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги халқаро стандартларни самарали жорий этишга хизмат қилади.
Файзулло Яҳёев, ЎзА