Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раиси Зайниддин Низомхўжаев бошқарди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича харажатлар сметасини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.

“2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга биноан жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш мақсадида Марказий сайлов комиссиясига ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдори 300 миллиард сўм этиб белгиланган.

Харажатлар сметасини шакллантириш ва Молия вазирлиги билан келишишда Сайлов кодекси ҳамда халқаро сайлов стандартлари талабларидан, шунингдек, аввалги сайловлар тажрибасини таҳлилий ўрганиш натижаларидан келиб чиққан ҳолда, Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида маблағ талаб этиладиган барча жиҳатлар ҳисобга олинди.

Жумладан, 14 та округ сайлов комиссиясининг ҳар бирига 56 миллион 991 минг сўмдан, шунингдек, қарийб 10 минг 800 та участка сайлов комиссиясининг ҳар бирига 11 миллион 813 минг сўмдан маблағ ажратиш режалаштирилган.

Мажлисда округ ва участка сайлов комиссиялари учун ажратилаётган ушбу маблағларнинг 80 фоиздан кўпроғи мазкур комиссиялар аъзоларининг иш ҳақи, компенсация ҳамда ягона ижтимоий тўловлар учун сарфланиши қайд этилди.

Йиғилишда Марказий сайлов комиссиясининг бир қатор қарорлари сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқлаштирилди. Жумладан, сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар илгари маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган бўлса, бундан буён жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари томонидан кўриб чиқилади. Бу қоида Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорида ҳам мустаҳкамланди.

Энди сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиши жойи ва вақти ҳақида туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилади. Бунда ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмайди.

Аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда округ сайлов комиссиялари 9-11 нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилар эди. Бўлиб ўтадиган Президент сайловида мамлакатимиз бўйича ўн тўртта округ сайлов комиссияси фаолият юритиши, айрим округларда сайлов участкалари сони мингтагача етиши, сайлов участкаларининг баъзиларида эса уч минг нафаргача сайловчи рўйхатга олинишига эътибор қилинса, округ сайлов комиссиялари таркибини кенгайтириш зарурлиги аён бўлади.

Шу муносабат билан Сайлов кодексига киритилган ўзгартишга асосан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари таркибини 11-21 нафаргача белгилаш юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатларига тааллуқли бошқа айрим масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА