Олий таълим соҳасидаги устувор вазифалар бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ётоқхоналар масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Жорий йилда ётоқҳона ўринлари сонини ошириш ҳисобига қўшимча 22 минг, ижара тўловини қоплаш орқали 60 мингдан зиёд талабанинг турар-жой масаласи ҳал этиб берилди. Бунга жорий йилда бюджетдан 50 миллиард сўм ажратилади.

Шу билан бирга, талабаларга бугунги кунда қўшимча 149 мингта турар жойга эҳтиёж мавжуд.

Президент ушбу муаммоли масалани фақатгина тадбиркорлар билан хусусий шериклик орқали қисқа фурсатларда ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлади.

Бунда, бўш майдони бўлган олийгоҳлар ўз ҳудудида, бўш майдони бўлмаганлари 1,5 километргача масофада ётоқхоналар ташкил этиш учун тадбиркорларга аукцион орқали ер ажратилади.

Олийгоҳ ректори, вилоят ҳокимлари бу тадбиркорлар билан камида 20 йил муддатга шартнома имзолаб, бинонинг биринчи ва иккинчи қаватини бизнес учун (кўнгилочар хизматдан ташқари) тадбиркорга бериш, юқори қаватларини арзон турар жой (хостел) ташкил этиш шартлари белгиланади.

Талабаларга турар жойи харажатларининг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади.

– Бу тадбиркор учун – кафолатли мижоз, биринчи ва иккинчи қаватидаги бизнеси учун катта бозор, талаба учун – қулай ва арзон шароит, олийгоҳга эса – маблағни тежаш ва уларни таълим сифатини ошириш учун йўналтиришга катта имконият, – деди давлатимиз раҳбари.

Вилоят ҳокимларига бир ҳафта муддатда талабаларга қулай ҳудудларда ётоқхоналар қуриш бўйича ер майдонларини белгилаб, аукционга чиқариш топшириғи берилди.

Вилоят ҳокимлари, ректорлар икки ҳафта муддатда ушбу янги ташаббусни тадбиркорлар эътиборига етказиб, хусусий шериклик асосида қурилишни бошлаш вазифаси қўйилди.

Видеоселекторда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан вилоят ҳокимлари, тармоқлар раҳбарлари ва олий ўқув юртлари ректорларининг ҳисоботи эшитилди.

 

ЎзА