Айни пайтда олий таълим тизимидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Хабар қилганимиздек, давлатимиз раҳбари йиғилишда олий таълимдаги энг катта юк ректорлар зиммасида эканини таъкидлади.

– Битта институтга ноўрин ректор қўйсак, битта соҳани барбод қилган бўламиз. Ҳозир олий ўқув юртларини битирган ёшлар замонавий корхоналарга борса, худди музейга тушиб қолгандай бўлаяпти. Чунки у ердаги ускуналарни ҳозирги мутахассислар ишлатолмайди. Аслида олийгоҳ чиқараётган мутахассисга корхоналар талабгор бўлиши керак. Бунинг учун ректорлар ислоҳотчи бўлиши керак, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари олий таълим муассасалари замонга мослаша олмаётганини, рақобатбардош мутахассис тайёрлаш учун ватанпарварлик етишмаётганини танқид қилди.

– Нима учун эртага Андижонга бораяпман? Бу вилоятда ватанпарвар мактаб шаклланган. Мана, ҳозир Татаристон Президенти билан учрашдим. Татаристон олийгоҳларида энг замонавий лабораториялар шаклланган. Бизда ҳам олий таълимда сифат асосий мезон бўлиши керак. Сифат билан шуғулланмаган, “талаба учун мен нима бера оламан” деган саволга жавоби бўлмаган ректорнинг келажаги йўқ, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

ЎзА