Президент Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим тизимидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Давлатимиз раҳбари барча соҳадаги ислоҳотлар тайёрланаётган мутахассисларга боғлиқ эканини кўп таъкидлайди. Шу боис олий таълим тизимидаги дастлабки ўзгаришлар аввало, қабул қамровини ошириш, муассасаларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш, профессор-ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилди.

Натижада ўтган 3 йилда олийгоҳлар сони 65 тадан 117 тага етди, қабул 3 бараварга (66 мингтадан 181 мингтага) ошди, уларга 2 баравар кўп ҳужжат топширилмоқда.

26 та хорижий олийгоҳ филиали ташкил этилиб, 100 дан ортиқ етакчи олийгоҳлар билан қўшма таълим дастурлари доирасида 64 та касб бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди. Профессор-ўқитувчилар маоши ўртача 3,5 бараварга оширилди.

Сўнгги 3 йилда олийгоҳлар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 2,5 триллион сўм йўналтирилди.

Йиғилишда Президентимиз олий таълимдаги ислоҳотларни амалга ошириш учун аввало ректорлар синфини шакллантириш зарур эканини таъкидлади.

– Ректор билимли бўлса, халқимизнинг бахти. Уларнинг дунёқараши ҳокимларникидан ҳам юқори бўлиши керак. Шу боис аввал ректорлар синфини мукаммал шакллантириб олишимиз зарур. Олий таълим муассасалари эса таълим-тарбия, билим бериш билан шуғулланиши керак. Мана неча йилдан бери мактабгача таълим соҳаси билан шуғулланаяпмиз. Мактабгача таълим, халқ таълимидаги ислоҳотлар натижасини энди олий таълимда кўрсатиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

ЎзА