Юртдошларимизни сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, бозорларда ушбу маҳсулотлар нарх-навосини барқарорлаштиришда наслчилик ва сунъий уруғлантириш ишларини самарали ташкил этиш муҳим ўрин тутади.

Бугунги кунда айни шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар “Чорванасл” марказлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги  Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган техник-осеменатор мутахассисларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

2020 йилда сунъий уруғлантириш ишларига 1500 нафар мутахассис жалб қилинди. Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳузуридаги кадрлар малакасини ошириш марказида улар учун махсус ўқув курслари ташкил этилди, сертификатлар берилди. Бундан ташқари, ветеринария участкаларидаги малакали мутахассисларга “устоз-шогирд” анъанаси асосида бириктирилиб, амалий тажрибаси оширилди.

Бунинг натижасида аҳоли хонадонлари ва фермер хўжаликларидаги   2 миллион 150 минг бош сигирни сифатли сунъий уруғлантиришга эришилди. Сунъий уруғлантириш билан шуғулланаётган субъектлар учун 2020 йил давомида  3 миллион 200 минг доза музлатилган наслли буқа уруғи етказиб берилди.

Уруғларни сақлаш мураккаб жараён ҳисобланади. Улар махсус идиш — дьюарларда -196 ҳароратда сақланиши керак. Акс ҳолда яроқсиз ҳолатга келиб қолади. Айни шу мақсадда республикамиздаги кимё саноати корхоналари соҳа мутахассисларига 675 тонна суюқ азот етказиб берилди.

Қорамоллар наслини яхшилашда четдан келтирилган наслли моллар муҳим омил саналади. Пандемия шароитига қарамай 2020 йилда чет давлатлардан 40 минг бошдан зиёд наслли қорамол олиб келиниб, парвариш қилинмоқда. Фаолият кўрсатаётган маҳаллий наслчилик субъектлари томонидан эса 12 минг 200 бош наслли мол тайёрланиб, фермер хўжаликларига етказиб берилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда наслчилик субъектларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 февралдаги қарорига мувофиқ тасдиқланган “Наслчилик хўжаликлари мақомини бериш тартиби тўғрисидаги Низом”га асосан  335 та субъектга наслчилик хўжалиги мақоми берилди.

Чорва сонини кўпайтириш ва наслчиликни ривожлантиришда давлат томонидан субсидиялар ажратилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: субсидияларнинг афзаллик жиҳатлари асосан нималарда намоён бўлади? Бунинг, албатта, амалда синаб кўрилган бир қанча афзаллик жиҳатлари мавжуд. Биринчидан, чорвачилик тармоғи жадал ривожланади, наслдор қорамоллар сони кўпаяди ва насл ўзгаради.

Бундан ташқари, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, нарх-наво барқарорлашади. Чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш саноати корхоналари ҳамда чорвачилик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар сони кўпаяди. Натижада аҳоли маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон чорва маҳсулотлари билан узлуксиз таъминланади.

Шунингдек, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш саноати корхоналари ҳамда чорвачилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ҳамкорлиги таъминланади. Чорвачилик тармоқлари ва наслчилик соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ масалалар мунтазам муҳокама ва мониторинг қилиб борилади. Чорвачиликнинг барча тармоқлари фаолиятини илмий асосда ташкил этиш, илмий-тадқиқот натижалари ва инновацион ишланмаларни маҳсулот ишлаб чиқариш ва наслчилик-селекция ишлари амалиётига жорий этиш ишларини йўлга қўйиш имконияти яратилади. Айни шу мақсадда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 майдаги “Чорвачилик тармоғига давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ  четдан келтирилган қорамоллар учун 37 миллиард 800 миллион сўм, қўй-эчкилар учун 3 миллиард 520 миллион сўм, маҳаллий наслчилик хўжаликлари томонидан тайёрлаб сотилган наслли моллар учун 1 миллиард 780 миллион сўм субсидия ажратилди.

Жорий йилда амалдаги ишлар кўлами янада кенгаяди. Аҳоли хонадонлари ва фермер хўжаликларига қарашли 2 миллион 400 минг бош сигирни сунъий уруғлантириш режалаштирилган. Бунинг учун 2021 йил давомида 3 миллион 600 минг доза музлатилган наслли буқа уруғи етказиб илади. Чет давлатлардан 50 минг бошдан зиёд наслли моллар олиб келиш режалаштирилмоқда.

Наслли молларни ўзимизда етиштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз. Айни пайтда қорамолчилик соҳасида 1000 дан зиёд наслчилик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Бу йил улар томонидан 14 минг бош наслли мол тайёрланиб, шахсий ёрдамчи деҳқон фермер хўжаликларига етказиб бериш режалаштирилган.

2021 йилда республикамиздаги 400 та чорвачилик тармоқларида фаолият олиб бораётган субъектларга наслчилик хўжалиги мақоми берилади. Айни пайтда фермер хўжаликларидаги қорамоллар наслини яхшилаш учун 1500 нафар техник-осеменатор жойларда сунъий уруғлантириш ишларини олиб бормоқда.

 

 Бекзод Баҳриддинов,

“Ўзбекчорванасл” агентлиги бош мутахассиси