Жорий йилнинг май ойида Жанубий Оролбўйи Ўзбекистон – Россия комплекс археологик экспедицияси ишларининг иккинчи мавсуми иш бошлади.

Экспедиция ишларида ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар институти ва Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти, Россия ФА Н.Н.Миклухо-Маклай номидаги этнология ва антропология институти, Россия Шарқ халқлари санъати музейининг илмий ходимлари иштирок этмоқда.

Элликқалъа тумани ҳудудида жойлашган «Катта Қирққиз қалъа» ёдгорлигида амалга оширилган археологик қазишма ишлари шу ҳудудда қадимги даврларда истиқомат қилган халқлар тарихи ҳақидаги янги маълумотларга асос бўлади. Археолог-олимларнинг таъкидлашича, ушбу қалъа милоддан аввалги IV-III асрларда қурилган бўлиб, милодий VII-VIII асрларигача гуллаб ривожланган.

Қалъанинг ғарб томонида ташқи мажмуа – йирик монументал бино мавжуд, унда археологик қазиш давомида антик керамика намуналари, маиший буюмлар, энг муҳими, тўлиқ камалак рангларини ўзида мужассам этган деворий рангли намуналар топилди.

Қорақалпоқ гуманитар фанлар институти хабарига кўра, ушбу объект ноёб археологик ёдгорлик ҳисобланади. Шунингдек, қалъа ҳудудидан тангалар ҳам топилган ва айни пайтда уларни реставраторлар ўрганмоқда.

 

Е.Қаноатов, ЎзА