Қорақалпоғистон Республикасида фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Президент Халқ қабулхоналари, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари ҳамда Давлат божхона қўмитаси раҳбар ходимлари иштирокида оммавий қабуллар бошланди.

Дастлабки куни Элликқалъа, Беруний, Тўрткўл ва Амударё туманлари аҳолиси Элликқалъа туманида қабул қилиниб, фуқароларнинг соҳага оид мурожаат ва муаммолари ўрганилди. Оммавий қабулларнинг биринчи кунида 207 нафар фуқаро 208 та масала бўйича мурожаат қилди. Уларнинг 37 таси жойида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этилган 112 тасининг кўриб чиқилиши назоратга олинди, 59 тасига ҳуқуқий маслаҳат тушунтириш берилди.

Жумладан, Тўрткўл туманида истиқомат қилувчи Рано Карибаева туман педагогика коллежида ўқитувчи бўлиб ишлаб келаётган эди. Аммо негадир коллеж раҳбари томонидан 37 нафар ходимнинг орасида у ҳам сабабсиз ишдан бўшатилди. Ўз ҳуқуқини талаб қилган Раъно ўтган галги оммавий қабулга келиб, Президент Администрацияси маъсулларига мурожаат қилган эди. Унинг иши судда кўрилиб, аввалги ишига қонуний қайта тикланди.

Мурожаатларда энг кўп – 141 та масала суд ҳуқуқ соҳасига оид бўлди. Шу ернинг ўзида 29 нафар фуқаронинг масаласи ижобий ечим топди. Шулардан бири Амударё туманидан Дилором Якубовадир.

–Номутахассис деган важ билан ишдан бўшатилган эдим, – дейди Дилорам Якубова. – Оммавий қабуллардаги суд масъулларига мурожаатим фуқаролик ишлари бўйича Амударё судида кўриб чиқилди. Мазкур суд қарори билан яна ўз ишимга қайта тикландим. Сайёр қабуллар фуқароларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилмоқда.

Йиллар давомида аҳолини қийнаб келаётган муаммолар барчасини бир кунда ёки бир марталик қабуллар давомида ҳал этиб бўлмаслиги аниқ. Оммавий қабуллар давомида ечими вақт талаб этадиган муаммолар ҳам анчагина эканлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси масъуллари эса 46 нафар фуқаронинг мурожаатини тинглади. Алимент ундириш ва кредит олишда амалий ёрдам сўраган фуқароларнинг муаммолари жойида ҳал этилди. Хусусан, Нигора Эшимбетова “Аёллар дафтари”га киритилган. Кредит олиб, тикувчилик фаолиятини йўлга қўймоқчи. Аммо банк томонидан унга кредитни вақтида ажратишда бироз муаммо юзага келди. Ушбу масалада Бош прокуратура масъулларига мурожаати шу ернинг ўзида банк вакиллари билан биргаликда ҳал этилди. Оммавий қабулда Нигора каби яна икки нафар аёлга ўзини ўзи банд қилиб, оиласига қўшимча даромат киритишига имконият берилди.

Оммавий қабулдаги мурожаатлар таҳлилларидан банклар томонидан имтиёзли кредитларни асоссиз ажратмаслик, ҳужжатларда сансалорликларга йўл қўйиш ёки таниш-билишчиликларнинг авж олиши, қатор муаммоларнинг ҳал бўлмаслиги одамларда жиддий норозилик туғдираётгани кўриниб турибди. Қабул давомида ҳудуд аҳолиси учун долзарб бўлган муаммолар ўрганиб чиқилиб, республика даражасида ҳал этиш юзасидан таклифлар тайёрланди.

Сайёр қабул Чимбой туманида давом этди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА