Барчамизга маълумки, Орол фожиаси минтақадаги иқлим шароитини оғирлаштирди, ёз даврида қуруқлик ва жазирамани кучайтирди, қаҳратон қишларни узайтирди. Ундан ташқари, Орол фожиасининг таҳдидли таъсири бутун дунёда кузатилмоқда. Халқаро экспертларни таъкидлашича, Орол минтақасининг заҳарли тузлари Антарктида соҳилларида, Гренландия музликларида, Норвегия ўрмонларида ва Ер куррасининг кўплаб бошқа жойларида топилган.

Қачонлардир, Орол денгизи Марказий Осиё иқтисодиётини ривожлантириш, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва барқарор ижтимоий инфратузилмани шакллантиришда муҳим ўрин тутар эди. Айниқса, Амударё ва Сирдарё дельталаридаги унумдор ерлар, юқори самарали яйлов ва сув ҳавзалари миллионлаб одамларнинг чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида иш билан бандлигини таъминларди. Бугунги кунда эса, ушбу тараққий этган сувлар ўрнида қум-туз чўли юзага келди, бу ерда қум ва туз бўронлари авж олмоқда ва улар ҳар йили бир неча минг километр масофагача қум ва тузни атмосферага тарқатмоқда.

Дарҳақиқат, ҳозирги кунда Оролбўйи ҳудудида ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, минтақанинг сув ва экология билан боғлиқ муаммоларига ечим топиш бўйича қўшни давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш лозимлиги янада яққолроқ намоён бўлмоқда.

Айниқса, минтақа давлатлари умумий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу фожиа оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, минтақанинг сув ва экология билан боғлиқ муаммоларига ечим топиш бўйича барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш лозимлиги қайд этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган  нутқи жаҳон жамоатчилиги эътиборини ўзига жалб этди. Бу эса Президентимиз нутқида кўтарилган муаммоларнинг нечоғли долзарб, ҳаётий ва умумбашарий аҳамият касб этгани билан чамбарчас боғлиқдир. Жумладан, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш, ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш таклифини илгари сурган эди. Жорий йил 18 май куни БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлисида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган мазкур резолюция лойиҳаси кўриб чиқилди ва халқаро ташкилотга аъзо давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Мазкур резолюция лойиҳасининг аҳамиятли жиҳати, Орол минтақасида яшовчи кўп минг сонли аҳоли саломатлиги ва турмуш фаровонлиги билан боғлиқ ушбу ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланганлиги, ҳужжатга дунёнинг турли минтақаларидаги давлатлар ҳаммуаллифлик қилишганлигининг ўзи давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуснинг нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлатлар учун ҳам нақадар долзарблигидан  далолатдир.

Шуни таъкидлаш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилган резалюция минтақада экологик вазиятни яхшилашга хизмат қиладиган кўплаб истиқболли лойиҳаларга йўл очади. Мазкур резолюциядаги илғор ғоялар Оролбўйи ва унга туташ ҳудудлардаги экологик вазиятнинг яхшиланишига, унинг глобал салбий таъсирларини, шунингдек, иқтисодий, ижтимоий, аграр ва бошқа қатор муаммоларини юмшатишга хизмат қилади.

 

Мухтор ИБРАГИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари

қўмитаси аъзоси

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги