Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида жойлашган «Қизкеткен-Кегейли» ирригация тизими бошқармасига қарашли «Дўстлик» магистраль каналининг ПК-252 нуқтасида жойлашган «Дўстлик-1» гидроиншооти 1962 йилда ишга туширилган.

Гидроузел Нукус, Кегейли, Чимбой, Қораўзак ва Тахтакўпир туманларига «Кегейли», «Қуваниш-жарма», «Кук-узяк» ва «Естек» каналлари орқали жами 161 минг 844 гектар ер майдонига сув етказиб берувчи асосий иншоот ҳисобланади.

Гидроиншоотнинг «Қуваниш-жарма» каналига ўрнатилган «Ақлли сув» қурилмаси грант маблағлари ҳисобидан Кореянинг KOICA халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан ўрнатилган. Ушбу «Ақлли сув» қурилмаси ёрдамида аниқ вақт режимида сувни назорат қилиш, ҳудудларга етказиб берилаётган сув ресурсларини онлайн кузатиб бориш ҳамда сувнинг аниқ ҳисоб-китобини юритишга эришилади. Сувни бошқариш жараёнларида инсон омилини камайтириш, сувнинг техник йўқолишларининг олдини олиш, сувдан белгиланган лимит асосида фойдаланиш ҳамда сувни тезкор бошқариш имконияти яратилади.

«Қизкеткен Кегейли» ирригация тизими бошқармаси ҳудудида ободонлаштириш ишлари ҳам яхши йўлга қўйилган. 2020 йил баҳор фаслида бошқармага қарашли «Дўстлик» каналининг 252-пикетидаги «Развилка» гидротехник иншооти атрофида дастлабки сувчилар боғи барпо қилинган эди. Жорий йилда эса мазкур бошқарма боғ яратиш анъанасига кўра «Кегейли» магистраль каналининг 114-пикетидаги «Дўстлик» сув тақсимлаш иншоотининг ҳимоя майдонида иккинчи сувчилар боғини ташкил қилди.

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА