Техника ва технологиялар қанчалик шиддатли ривожланмасин, давр учқур отдек чопмасин, инсон барибир она-табиатнинг узвий бўлаги бўлиб қолаверади. Шу маънода давлатимиз раҳбари Президентлик лавозимига киришган вақтдан бошлаб Оролбўйидаги оғриқли муаммолар, уларнинг ечимига мамлакат миқёсида ҳам, халқаро миқёсда ҳам катта ва жиддий эътибор билан ёндашмоқда.
Шуни таъкидлаш жоизки, Орол денгизи ҳудудидаги улкан Оролқум саҳросининг пайдо бўлиши, ҳар йили тонна-тонна қум ва тузнинг атроф-муҳитга тарқалишига қарамасдан аҳолининг барча қийинчиликларни матонат билан енгиб, фожиани омадга, туманни «Саҳро марвариди»га айлантириш учун фидокорона меҳнат қилаётгани ва ватанпарварлиги алоҳида эътирофга сазовор.
Ўтган даврда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва ғояси асосида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолига қулай яшаш шароити яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йилда залворли миқдордаги инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши ҳисобига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш, қурилиш ишларининг ўсишига эришилди.
Айни пайтда Оролбўйи ҳудудида мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасида кўплаб лойиҳалар ҳаётга фаол татбиқ этилмоқда. Бироқ бир вақтлар одамларга ризқ-рўз берган, едириб-ичирган, кийинтирган, ҳаётига барака бағишлаган Орол эндиликда шундай глобал муаммолар гирдобига тушдики, уларни биргина Ўзбекистон ёки шу ҳудудга туташ давлатлар саъй-ҳаракати билан ҳал этишнинг илож-имкони йўқлигини даврнинг ўзи кўрсатмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқи жаҳон жамоатчилиги эътиборини ўзига жалб этди. Бу эса давлатимиз раҳбари нутқида кўтарилган муаммоларнинг нечоғли долзарб, ҳаётий ва умумбашарий аҳамият касб этгани билан чамбарчас боғлиқдир. Жумладан, давлатимиз раҳбари нутқида Орол ва мазкур ҳудуд муаммосига устувор аҳамият қаратгани халқаро миқёсда алоҳида эътироф этилди.
Мамлакат раҳбари қайд этганидек, Оролбўйи ҳудуди экологик фожианинг марказига айланди. Мавжуд аҳволни яхшилаш учун бу ерда икки миллион гектар янги ўсимлик майдони ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш бўйича улкан ишлар амалга оширмоқда. Мамлакатимиз ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди тузилди. Умид қиламизки, ушбу фонд оғир экологик ҳудудда яшаётган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш учун халқаро ҳамжамиятнинг таянч платформаси бўлиб хизмат қилади.
Юртбошимизнинг «Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз. Ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш мақсадга мувофиқ бўларди», деган фикрлари кўпчиликка умид, ишонч бағишлаган эди ўшанда.
Куни кеча давлатимиз раҳбарининг Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди. Бу эса Ўзбекистон раҳбариятининг эзгу ташаббуси нечоғли ҳаётий ва долзарб эканини яна бир карра намоён этмоқда. Мазкур йўналишдаги илғор ғоялар Оролбўйи ва унга туташ ҳудудлардаги иқтисодий, ижтимоий, аграр ва бошқа қатор муаммоларга ҳамжиҳатликда ечим топиши тайин.
Назокат Усмонова, ЎзА