Муносабат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюция лойиҳаси 18 май куни бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлисида ташкилотга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Ушбу тарихий воқеа Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги мавқеининг янада ошишига ва сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ривожланишида устувор йўналишларини белгилаб берилиши билан бирга, экологик инновациялар ва технологиялар қўлланган ҳолда юзага келган экологик вазиятларнинг юмшатилишига, бу ўз навбатида Оролбўйи ҳудудида яшовчи аҳоли саломатлигининг мустаҳкамланишига катта замин бўлади.
Дунёнинг турли минтақаларидаги 60 га яқин мамлакатлар ҳаммуаллифлик қилган ушбу ҳужжат Оролбўйи ҳудудидаги экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган минтақавий тадбирлар ва ташаббусларнинг қўллаб-кувватланишини таъминлайди.
Оролбўйи минтақаси табиатини тиклаш ва яхшилаш, табиий ресурсларни сақлаш ва аҳоли ҳаёт сифатини ошириш йўлидаги илмий-тадқиқот маслаҳатлашув фаолиятини рағбатлантиради.
Қолаверса, мазкур ҳужжат ушбу Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишда минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлигини яна бир бор таъкидлайди.
Барча манфаатдор томонларни қўшма илмий тадқиқотлар ўтказишга, экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга, инклюзив ва экологик барқарор иқтисодий ўсишга ҳамда энергия ва сувни тежовчи технологияларни қўллашга туртки беришга чақиради.
БМТ Бош Ассамблеяси махсус резолюциясининг қабул қилиниши юқори технологик инновациялар, экологик тоза, энергия ва сувни тежовчи технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий қилишга инвестицияларни жалб қилиш, «яшил иқтисодиёт» тамойилларини мажмуавий қўллаш, чўллашув ва экологик миграция жараёнларнинг олдини олиш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни ва рағбатлантирувчи омилларни шакллантириш йўлидаги ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган.
Шу билан бирга, ҳужжат минтақавий устуворлик, интеграция ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича БМТ тизимидаги ихтисослашган агентликлар, жамғармалар ва дастурларнинг Амалий ҳаракатларини ҳамда лойиҳаларини умумлаштириш ва улар ўртасидаги мувофиқлашувни таъминлашга хизмат қилади.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан глобал экологик муаммоларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича илгари сурилган хар бир ташаббус ўз ўрни ва айнан ўз вақтида олиб чиқилиши билан катта аҳамиятга эга.
2018 йилнинг ноябрь ойида БМТ ҳомийлигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди ташкил этилди.
Президентимизнинг 2018 йил 16 октябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил қилинди. Марказ ҳузурида “Оролбўйи ҳудудида инновацияларни қўллаб-қувватлаш” жамғармаси тузилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифлари давомида берилган топшириқларга мувофиқ ҳудудда экологик муҳитни яхшилаш ҳамда Оролбўйи минтақасининг барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича маҳаллий ижро ҳокимлигига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари, Мўйноқ, Тахтакўпир, Қўнғирот, Қораўзак ҳамда Кегейли туманлари ҳокимликларига қишлоқ хўжалигига илғор технологияларни кенг жорий этиш, аҳоли ва ишлаб чиқариш корхоналари учун қулай замонавий инфратузилма яратиш, шунингдек, Оролбўйи аҳолисининг яшаш даражаси ва турмуш сифатини яхшилаш бўйича бир қатор тавсиялар берилиб, аниқ вазифалар топширилди.
Президентимизнинг 2020 йил 12 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорига кўра, “My garden in the Aral Sea” (“Оролдаги боғим”) агро ва экотуризм лойиҳаси амалга оширилиши белгиланди. Эндиликда Оролбўйи минтақасида яшовчи аҳолининг фаровонлиги ва даромадларини ошириш учун Орол денгизи қуриган тубининг шўрланган тупроқларида ва Орол ҳавзаси дарёлари делтасига яқин ҳудудларда агроэкотизимларнинг маҳсулдорлигини ошириш, шўрланган тупроқларда ва таназзулга учраган яйловларда шўр тупроққа ва совуққа чидамли турли хил экинлар ва буталарни кўпайтириш йўли билан экспериментал тажриба участкаларини яратиш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда сув самарадорлигини тиклаш ва оширишга қаратилган инновацион технологиялар ва ёндашувларни ишлаб чиқиш жорий этилади.
Шунингдек, Орол денгизи қуриган тубининг чўл қумли йўлларида ўрмонзорларни барпо этиш, агрохўжалик ва чўл-яйлов ем-хашак ва чорвачиликни ташкил этиш, унумдорлигини ошириш, шўрланган таназзулга учраган ерларни, диверсификация қилиш ҳамда янги ва ноанъанавий тузга ва қурғоқчиликка чидамли янги усулларни жорий этиш, уларни танлаш, уруғини етиштириш технологиялари жорий этилади ва шўрланган ерларда қишлоқ хўжалигининг муқобил тизимлари жорий этилади. Орол ҳавзасининг доривор, техник, декоратив ва бошқа ўсимликларидан барқарор фойдаланиш учун табиий яйловларнинг ўсимлик хом ашёсини сафарбар этиш ва бошқа бир қатор инновацион ишлар амалга оширилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан глобал экологик муаммоларнинг олдини олиш ва бартараф этишда илгари сурилган ташаббуслари халқаро даражада эътироф этилиши ва бир овоздан маъқулланиши шубҳасиз, ҳар биримизда фахр туйғусини уйғотади.
Руслан Жумамуратов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
ЎзМТДП фракцияси аъзоси