Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти билан видеоконференсалоқа шаклида учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида жорий йил июль ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияга тайёргарлик ишларининг бориши юзасидан фикр юритди.
Қайд этилганидек, мазкур анжуманни ўтказиш ташаббуси Марказий ва Жанубий Осиёнинг барча мамлакатларида, шунингдек, етакчи шерик давлатларда кенг қўллаб-қувватланмоқда.
Шу муносабат билан, тадбирга мазмунан пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги, хусусан, стратегик муҳим инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, айниқса, трансафғон йўлагини барпо этиш бўйича унинг натижаларининг амалий аҳамияти таъкидланди.
Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон ва хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.
ЎзА