Мустақиллик. Унинг қадр-қимматини Ватан ҳурлиги ва озодлиги йўлида жон фидо этган азиз аждодларимиз биздан кўра теранроқ ҳис этганлар, десак муболаға бўлмайди.

Президентимизнинг 2020 йил 17 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги қарори энг улуғ ва энг азиз айёмни муносиб нишонлашга оид чора-тадбирларни юксак даражада йўлга қўйиш имконини бермоқда.

Маданият вазирлигида шу мавзуга бағишлаб Zoom иш тартибида ўтказилган йиғилишда айни жиҳатларга эътибор қаратилмоқда. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳудудий бошқармалари, вазирлик ҳузуридаги республика ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида халқимизга байрам кайфиятини улашиш мақсадида тарғибот тадбирлари ташкил этиш бўйича ташкилий ишлар муҳокама этилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу йилги истиқлол байрами «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» ғоясини ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий ҳамда тарғибот-ташвиқот тадбирлари дастуридан иборат бўлади. Юқоридаги эзгу шиорни ўзида акс эттирган кўплаб телевизион, маданий-маърифий, бадиий-ижодий лойиҳалар, мусиқий танловлар, фестиваллар юртимизда бошланиб кетди.

Айниқса, энг чекка ва олис ҳудудларда, овул ва маҳаллаларда истиқомат қилаётган аҳолининг кайфиятини кўтариш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадига йўналтирилган маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар ва концерт дастурларини юқори савияда ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади. Йиғилишда ушбу масала бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, ҳар бир ҳудуднинг тарғибот тадбирларига тайёргарлик жараёнлари ўрганилмоқда.

Йиғилишда халқимизнинг энг улуғ ва энг азиз айёми – жонажон Ўзбекистонимиз мустақиллигининг 30 йиллигини кўтаринки кайфиятда нишонлаш бўйича тегишли режалар белгиланди.

 

Н.Усмонова, ЎзА