Халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат каби олижаноб фазилатларни бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳатлардан ҳам кўриш мумкин.

Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда адашганларга ҳам имконият берилмоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, инсоний қадри тикланмоқда.

Яқинда Президентимиз Рамазон ҳайитида халқимизга хос бағрикенглик, инсонпарварлик, кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Унга мувофиқ, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 100 нафар маҳкум афв этилди. Афв этилганларнинг 12 нафари чет эл фуқароси, 4 нафари 60 ёшдан ошган эркаклар, 6 нафари аёл ҳамда 52 нафари таъқиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар бўлди.

Аҳамиятлиси, 12 нафар чет эллик шахснинг ҳам авф этилиши бу борада мамалакатимизда амалга оширилаётган эзгу ишларнинг яна бир намунаси бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ушбу шахслар оммавий ахборат воситалари орқали давлатимиз раҳбаридан миннатдорлигини билдирди.

Юқоридаги фармон нафақат авф этилганлар балки уларнинг барча яқинларининг ҳам қувончига сабабчи бўлди.

Оиласи ва яқинлари бағрига қайтган ушбу шахслар, келгусида фойдали меҳнат билан шуғулланиши, жамиятда муносиб ўрин топиши ва эл корига ярайдиган инсонлар бўлади, деган умиддамиз.

 

Нурлибай Қайипберганов,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси

ЎзА