Нукуслик тадбиркор “Зияда Нур” ўқув маркази раҳбари Зияда Утеназарова Муқаддас Рамазон ойида хайрли ишга қўл ўрди.
Маҳалладаги “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” га киритилган, юз нафарга яқин ишсиз хотин-қизни тикувчилик, сартарошлик ва қандолатчилик курсларида бепул ўқитди. Уларнинг ҳар бири ўзлари танлаган йўналишлар бўйича мутахассислардан касб сирларини ўрганди.
2018 йили тикувчилик, сартарошлик, ошпазлик ва ҳар хил нақш солиш бўйича иш бошлаган ўқув курси бугунги кунда 18 та йўналиш бўйича фаолият олиб бормоқда. Яқинда марказнинг янги бинога эга бўлиши фаолият турларини кенгайтириш ва таълим сифатини янада яхшилаш имконини бермоқда.
– Қўлимда ҳунарим бўлмаганлигидан иш топишда қийналиб келаётган эдим, – дейди Нукус шаҳридаги “Бойтерак” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Дина Ганиева. – Бу ерда мутахассислардан қисқа вақтда тикиш-бичиш сирларини ўргандик. Келажакда ўзим ҳам ҳунармандчилик билан шуғулланишни мақсад қилганман.
Муҳими, ўқув маркази танлаган касб сирларини моҳир эгаллаган хотин-қизларнинг келгусида иш билан таъминланишига ҳам ёрдам беради.
Довуд Абибуллаев, ЎзА