Бугунги видеоселектор йиғилишида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди.
Маълумки, бутун дунёда аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш кун сайин долзарб масалага айланиб бормоқда. Йиғилишда таъкидланганидек, мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида баъзи турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари камайишига йўл қўйилмоқда.
Мисол учун, тухум ишлаб чиқариш ҳажми Тошкент вилоятида – 5 фоизга, Сирдарёда – 4 фоизга камайиши ҳисобига ушбу вилоятларда тухумнинг нархи 7 фоизга, республика бўйича эса 3,6 фоизга ошган.
Президент гўшт ва ўсимлик ёғининг ҳам жаҳон бозоридаги нархлари 1 йилдан буён тўхтовсиз ўсаётгани барча раҳбарларни зарур чора-тадбирларни кўришга ундаши кераклигини қайд этди.
Тегишли мутасаддиларга вилоят ҳокимлари билан бирга жорий йилда чорвачилик йўналишида 1 мингта, паррандачиликдаги 277 та лойиҳани ишга тушириш ҳисобига, 13 минг тонна гўшт, 608 минг тонна сут, 3 миллиард дона тухум ва 14 минг тонна парранда гўшти етиштирилишини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, 1,1 миллион гектар асосий майдонларда, 224 минг гектар боғ ва токзорлар ораларига ҳамда ғалла ва эртаги экинлардан бўшайдиган 873 минг гектарга сабзавот, картошка, полиз, шоли, мойли ва озуқа экинларини етиштиришни ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Ички бозорда аҳолининг ёғ-мой маҳсулотларига бўлган талабини қондириш мақсадида, жорий йилда 246 минг тонна мойли экинлар етиштириш, бунинг ҳисобига 86 минг тонна мой ишлаб чиқарилишини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
– Умуман, озиқ-овқат бўйича ҳар бир вилоят ҳокими бугунги протоколга ёзиб беради, уч ойлик захираси нима бўлади (гўшт, тухум, ёғ, шакар ва ҳоказолар бўйича). Ҳар уч ойлик захира бўлмаса, у вилоят ҳокимининг кабинетга киришга ҳаққи йўқ, одамлар биздан норози бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
ЎзА