Божхона органлари томонидан гиёҳванд воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши кураш жадал давом эттирилмоқда.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда Тўрткўл туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида салкам 100 грамм “опий” гиёҳванд моддасини олиб кетаётган оғуфуруш тўхтатиб қолинди.

Аввалдан кузатувга олинган фуқаро Ч.А. бошқарувидаги “Нексия” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Натижада, ушбу шахснинг чўнтагида жами 3 дона полиэтилен ўрамда “опий” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди. Шунингдек, автотранспорт воситаси юкхонасидаги эҳтиёт қисмлар сумкаси ичига яширилган 1 дона электрон тарози ва 1 литр сиғимли газ баллон ҳам ашёвий далил сифатида расмийлаштирилиб олинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Экспертиза-криминалистика бошқармасининг хулосасига кўра, ушбу гиёҳвандлик моддалар соф оғирлиги 99,42 граммни ташкил этувчи “опий” эканлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА