Нукусда боғнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур боғ ёш авлод қалбида Ватанни севиш муқаддас бурч эканини чуқур сингдириш орқали миллий руҳда тарбиялаш, Қорақалпоғистон Республикасининг қадимий тарихи, маданияти, Ватанимизнинг мустақиллиги ва равнақи йўлида мардларча курашган миллий қаҳрамонлар билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий армиямиз қудрати ва салоҳиятига бўлган ишончни янада кучайтириш, Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизм устидан қозонилган буюк ғалаба учун мардларча курашган юртдошларимизнинг номини абадийлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни ва Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги байрамига ўзгача туҳфа бўлган “Ватанпарварлар боғи” Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг 2019 йил декабрь ойидаги қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”га асосан барпо этилган. Мазкур боғ қурилиши учун Қорақалпоғистон Республикаси ҳарбий-маъмурий сектори томонидан пул маблағи ажратилган.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ҳамда шаҳар ҳокимлиги раҳбарлиги остида бунёд этилган боғда уруш йилларининг бошланишидан, Берлинда Собиқ иттифоқ байроғининг ўрнатилгунга қадар панноларда фотосуратлар жамланмаси ўрин олган. Уч ўлчамли графика усулида яратилган суратлар орасида Қорақалпоғистон Республикасининг фронтга берган ёрдами ҳамда ватандошларимизнинг фронт ортидаги машаққатли меҳнати акс этган.
Боғда жами 8 дона техника: Т-64 танки, пиёдалар жанговар машиналари, зирҳли транспортёрлар ҳамда артиллерия ва зенит қурилмалари ўрнатилган. Экспонатлар орасида кўпчиликнинг диққатини Су-17 қирувчи самолёти тортиши шубҳасиз.
Уруш йилларини эслатувчи муҳандислик мудофаа тўсиқлари, окоплар бўйлаб саёҳат, кишини ўша даврга бир зум бўлсада олиб кетади.
Боғда Иккинчи жаҳон уруши йиллари Қорақалпоғистон халқи ва қорақалпоғистонликларнинг матонати, ғалабага қўшган ҳиссаси акс этган бир қаватли “Хотира уйи”, пневматик милтиқдан ўқ отиш тири, ҳарбий альпинизмни ривожлантириш мақсадида скалодром, ҳарбий объектлар, жанггоҳларни акс эттирадиган окоп, блиндаж ва ертўлалар ҳамда Мудофаа вазирлиги томонидан тақдим этилган жанговар техникалар ўрин олган.
“Ватанпарварлар боғи”ининг марказида жойлашган ва ноёб тарихий экспонатлар билан бойитилган “Хотира уйи” Қорақалпоғистон Республикасининг Иккинчи жаҳон урушига қўшган салмоқли ҳиссаси, урушда жасорат ва матонат кўрсатган юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар, орден ва медаллар ҳамда уруш қатнашчиларининг шахсий буюм ва кийимлари билан бойитилган.
Иккинчи жаҳон урушида ватандошларимиз нафақат фронтда, балки фронт ортида ҳам машаққатли меҳнати, ватанпарварлиги, инсонийлиги билан фашизм устидан ғалаба қозонишга ўзларининг беминнат ҳиссаларини қўшган.
Қорақалпоғистоннинг 20 мингдан зиёд фуқароси уруш йиллари фронт ортида саноат, кон-металлургия шахталари ҳамда мамлакатимизнинг саноат муассасаларида жонбозлик кўрсатган. “Хотира уйи” экспонатлари орасида Қорақалпоғистон Республикасининг фронт ортидаги машаққатли меҳнати, фашизм устидан ғалабага эришиш учун қўшган ҳиссаси ҳақида сўзловчи маълумот ва экспозициялар ҳам ўрин олган.
Эндиликда Нукус шаҳрида жойлашган “Ватанпарварлар боғи” нафақат ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳини юксалтирадиган маскан, балки халқимиз мароқли ҳордиқ чиқарадиган обод гўшалардан бирига айланади.
Жорий йил 28-30 апрель кунлари Тошкент ҳарбий округининг дала-ўқув майдонида Мудофаа вазирининг кубоги учун “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг финал босқичи бўлиб ўтган эди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Кегайли туманидаги 41-умумтаълим мактабининг “Лочин” жамоаси шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олиб, ғалабани қўлга киритди. Боғнинг очилиш маросимида жамоа аъзоларига “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари топширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси санъат усталари, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи оркестри аъзолари ижросида уруш йилларидаги ватандошларимизнинг жасоратини тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди.
Тадбир иштирокчилари бу ердаги экспонатлар билан танишди.
“Ватанпарварлар боғи”нинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА