Мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу шонли сана муносабати билан 9 май куни Олмазор туманидаги Ғалаба боғига ташриф буюрди.

Атроф байрамона безатилган. Қуролли Кучлар тизимига кирувчи вазирлик ва идораларнинг раҳбарлар таркиби саф тортган.

Давлат раҳбари, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони уларни байрам билан табриклади.

Ҳарбий оркестр ижросида “Хотирлаш куйи” янгради.

Президент “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди.

Бу ёдгорлик Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан айрилган жафокаш ва матонатли она – Зулфия ая Зокирова, унинг садоқатли келинлари ва етим қолган набиралари хотирасига бағишлаб барпо этилган. У халқимизнинг урушдаги йўқотишлари, ғалабага қўшган улкан ҳиссасининг тимсоли сифатида боғ марказидан ўрин олган. Бу ёдгорликка гул қўйиш барча Ўзбекистон оналарига юксак ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.

Қуролли Кучлар тизимига кирувчи вазирлик ва идоралар вакиллари ҳам мажмуа пойига гуллар қўйди.

Ғалаба боғидаги амфитеатрда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Ушбу айём кунлари бугунги тинч-осойишта ҳаётга қандай оғир синов ва машаққатлар эвазига эришилганини яна бир бор чуқур ҳис этамиз. Бу йўлда қурбон бўлган юртдошларимиз хотирасига таъзим қиламиз.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 20 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олиш, юрт тинчлиги ва озодлиги йўлида жон фидо қилган ватандошларимиз хотирасини ёд этишдек эзгу мақсадлар ифодасини топган.

Ушбу ҳужжатларга мувофиқ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига Президентимиз табрикномаси, 12 миллион сўм миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти ва байрам совғалари тантанали равишда топширилди. Уларнинг ҳар бирини тиббий ва ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида тегишли ходимлар бириктирилиб, доимий патронаж хизмати кўрсатилмоқда. Санаторийларга бепул йўлланмалар ажратилмоқда.

Уруш қатнашчилари ва фронт орти фахрийлари билан бирга мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига ҳам моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги билан барча фахрийларни, бутун халқимизни табриклади.

– Бугунги шонли санани биз доимо чексиз қувонч ва чексиз изтироб билан нишонлаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг катта, энг машъум қирғиндир. Олти йил давом этган бу урушда ўша пайтда дунёдаги 73 та давлатдан 62 таси, Ер юзи аҳолисининг 80 фоизи иштирок этган. Европа, Осиё ва Африка қитъаларидаги 40 та давлатни бевосита қамраб олган қуролли тўқнашувларга 110 миллион киши сафарбар этилган ва жами 70 миллион киши ҳалок бўлган.

Бу урушда қатнашган, фронт ортида машаққатли меҳнат қилган ота-боболаримиз ва момоларимизнинг беқиёс мардлик ва матонати инсоният тарихига буюк саҳифа бўлиб ёзилган.

– Биз – бугунги миннатдор авлодлар сизлар каби жасур оталаримиз билан умрбод фахрланамиз. Мана шу ҳаяжонли дақиқаларда сизларнинг жанг майдонларидаги буюк қаҳрамонлигингиз, урушдан кейин мамлакатни тиклаш ва ривожлантириш йўлида қилган фидокорона хизматларингиз учун барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз. Орадан яна қанча йиллар, асрлар ўтмасин, сизларнинг фашизмга қарши кўрсатган матонатингизни халқимиз ҳамиша қалбида, хотирасида сақлайди, бу жасорат ёшларимиз учун абадий ибрат намунаси бўлиб қолади, – деди Президент.

1941 йил арафасида республикамиз аҳолиси 6 миллион 800 мингдан зиёд бўлган. Уруш бошланиши билан, шундан қарийб 2 миллиони фронтга отланган. Бу қаҳрамон инсонларнинг 500 мингдан зиёди жангларда ҳалок бўлган.

– Биз бу рақамларни ҳар йили қайта-қайта эсга оламиз. Булар шунчаки оддий рақамлар эмас. Уларнинг замирида муштипар оналаримиз, момоларимиз, мард ва жасур оталаримиз, бутун халқимиз қалбидаги чексиз қайғу ва ҳасрат мужассам. Бу дарду аламларни ҳеч қандай рақам, ҳеч қандай сўз билан ифодалаб бўлмайди, – деди давлатимиз раҳбари.

Урушдан жабр кўрган 1 миллион 500 мингдан ортиқ кексалар, аёллар ва болалар республикамизга кўчириб келтирилган. Уларнинг 200 мингдан зиёди ота-онасидан айрилган болалар эди.

– Эл-юртимиз мудҳиш уруш йилларида ўзининг юксак гуманистик фазилатларини намоён этди. Ўзбекистонга олиб келинган турли миллатга мансуб минг-минглаб инсонларга бошпана берди, меҳр-шафқат, одамийлик кўрсатиб, энг сўнгги нонини ҳам улар билан баҳам кўрди. Халқимизнинг бундай улкан жасорати, олижаноблиги бутун дунёда ҳурмат-эътирофга сазовор бўлди. Ва бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Уруш фожиаларидан сабоқ чиқариб, тинчлик учун курашиш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бораётгани таъкидланди. Ўзбекистон ўз стратегиясига мувофиқ, тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва динлараро тотувликни асраш, давлат мустақиллигини янада мустаҳкамлаш йўлидан боради.

Тадбир телевидение орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинди. Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги байрам иштирокчилари, нуронийлар билан видеоалоқа орқали мулоқот қилди.

Шавкат Мирзиёев тадбирга келган уруш ва меҳнат фахрийлари билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўради. Уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилади. Кексалар мамлакатимизга тинчлик-осойишталик, халқимизга фаровонлик тилаб дуолар қилди.

Президент нуронийлар билан бирга байрамга бағишланган концерт дастурини томоша қилди.

– Байрам муносабати билан ўтказилаётган тадбирлардан жуда руҳландим, – дейди Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидан келган Саъдулло ота Жабборов. – 102 ёшга кирдим. Ёшлигимда ота-онамиз маслаҳатидан чиқмадим, яхши одамларга яқин бўлдим, улар кўрсатган йўл-йўриқларга амал қилдим. Давлатимиз, ҳалқимиз ғамхўрлиги билан бугунги дориломон кунларни кўриш насиб этди. Ҳозир Президентимиз ёшларни кўп ўқишга, илмли бўлишга даъват қилаяпти. Билимли инсонлар ҳисобига тинчлигимиз мустаҳкам, ҳаётимиз фаровон бўлади.

– 1924 йилда туғилганман. Бугун Ғалаба боғида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллигини қуролдошларим билан бирга нишонлаш насиб этганидан жуда хурсандман, – дейди Навоий вилояти Нурота туманида яшовчи Норбой ота Қозоқов. – Биз эски авлодмиз, ёшлигимизда бундай имкониятлар бўлмаган. Мустақил Ўзбекистонимиз бутун дунёга танилаётгани, ўзбек халқи муваффақиятларга эришаётганини кўриб, аттанг ўн йил кейин дунёга келмаган эканман дейман. Муҳтарам Президентимиз бошчилигида юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин! Биз, фахрийларга кўрсатилаётган ғамхўрликлардан бошимиз кўкка етмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Шон-шараф музейидаги янги экспозиция билан танишди.

Музейда 12 минг 500 дан зиёд экспонат тўпланган бўлиб, уларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Тарихий факт ва воқеалар замонавий технологиялар, интерактив усуллар ёрдамида акс эттирилган. Давлатимиз раҳбарининг аввалги ташриф чоғидаги кўрсатмалари асосида экспозициялар янада бойитилган. Қуролли Кучлар тизимидаги вазирлик ва идоралар учун алоҳида бўлимлар ташкил этилган.

– Бу ер халқ музейи бўлиши керак. Урушда қатнашган ёки етим болаларни боқиб олган инсонларнинг авлодлари билан боғланиб, боболарининг жасоратини юзага чиқариш зарур. Ҳали ўрганилмаган жуда кўп манбалар бор. Юртимиздаги ҳар бир қишлоқ, маҳалла, мактаб, умуман, жамоатчилик уларни тўплаш ва тарғиб этишда фаоллик кўрсатиши керак. Бу уруш даҳшатини англаш, тарихдан сабоқ чиқариш учун муҳим. Музей бунда асос, тарих билан бугунги кун ўртасида кўприк бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ҳақидаги маълумотларнинг электрон базасини яратиш, китоблар чоп этиш бўйича топшириқлар берилди.

 

ЎзА