9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Ўтганларни ёд этиш, уларнинг эзгу амалларини хотирлаш, оила аъзоларидан хабар олиш инсоний фазилатлардан бири саналади.
9-май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида божхона органларида хизмат қилиб, мамлакатимиз сарҳадларида сергак турган, контрафакт маҳсулотлари, гиёҳванд восита ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашган, давлатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, божхона тўловларини тўлақонли ундириш йўлида керак бўлса жонини ҳам аямаган марҳум божхоначилар эсга олинди.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари хизмат вазифасини бажариш чоғида мардларча ҳалок бўлган марҳум Амангельди Қдиров, Тимур Ордабаев ва Икрам Матекеевнинг оила аъзоларидан хабар олди. Марҳум божхоначилар руҳларига қуръон тиловат қилиниб, уларнинг эзгу амаллари ёдга олинди.
Божхона органларида самарали хизмат қилиб, ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажарган, лекин, афсуски, бугун орамизда бўлмаган Ерполат Юсупов, Байрам Қалмуратов, Ербол Агатаев, Адилбек Баймуратов бошқарма шахсий таркиби томонидан хотирланиб, оила аъзолари ҳолидан хабар олинди.
Бу каби эзгу амаллардан кўзланган асосий мақсад, Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонлар, тинчликнинг қадрига етиш, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизга шукрона айтишдир.
Бу эса ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, элу юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди.
Зеро, хотира муқаддас, инсон азиздир.
Довуд Абибуллаев,ЎзА