Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Кегайли тумани ҳокимлиги ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун медиа-тур ташкил этилди.
Мақсад, туманда жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар билан яқиндан таништириш эди.
Туманда чорвачиликни ривожлантириш, аҳолини арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар доирасида чет давлатлардан наслли қорамоллар, қўй ва эчкилар олиб келинмоқда. Бунинг учун тижорат банклардан имтиёзли кредит маблағи ажратиб берилмоқда. Тумандаги «Пийшенбай чорва» фермер хўжалиги шулар жумласидандир. 2017 йилда ташкил этилган хўжаликда бугунги кунда 60 бош қорамол, 40 бош қўй ва эчки парваришланмоқда.
Фермер хўжалиги раҳбари Рахат Жиемуратовнинг айтишича, яқин кунларда тижорат банкидан 300 миллион кредит маблағини олиб маҳаллий курка боқадиган ферма ташкил этишни режалаштирмоқда. Шунингдек, бу ерда қорамоллар учун гидропоника усулида ем-ҳашак етиштирадиган «Кегайли органика» кооперативи ҳам ташкил этилади.
Тумандаги гўшт ва сут маҳсулотларини етиштиришга ихтисослашган «Агросаноат Қорақалпоғистон» масъулияти чекланган жамиятида Германия давлатидан олиб келинган 62 бош симментал наслли қорамол боқилмоқда. Сигирлардан ҳар куни 300-350 литр сут соғиб олиниб, туман ва Нукус шаҳар деҳқон бозорларида сотилмоқда. Бу ерда 10 нафар киши доимий иш билан банд. Жорий йилнинг сентябрь ойига қадар яна 31 бош наслли қорамол олиб келиниб, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхона ташкил этиш назарда тутилган. Наслли қорамолларнинг маҳаллий иқлим шароитига мослашишини таъминлаш учун бу ерда замонавий чорва мажмуаси қурилмоқда. Туман ҳокимлиги томонидан 10 гектар ер майдони ажратилиб, маккажўхори, беда ва бошқа озуқа экинлари экилмоқда.
Туманда аҳолининг томорқа ерларидан унумли фойдаланишини ташкил этиш, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида иссиқхоналар қуриб бериш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тумандаги «Қуёшли» овулида истиқомат қилувчи З.Шарапов ҳамда Э.Пиржанов хонадонидаги иссиқхонада етиштирилган помидор ва бодринг маҳсулотлари уларнинг оиласинигина таъминлаб қолмасдан, аҳолига ҳам арзон нархларда етказиб берилмоқда. Экинларни томчилатиб суғориш технологияси жорий қилиниб, мўл ҳосил олишга эришмоқда. Бу ишларни йўлга қўйиш учун тижорат банкларидан ҳар бирига 30 миллион сўмдан уч йиллик муддат билан кредит маблағи ажратиб берилди.
Тумандаги «Қумшунгил» овул фуқаролар йиғини ҳудудида аҳоли бандлигини таъминлаш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шулардан бири Америка толини етиштириш лойиҳасидир. Бунинг учун ҳудудда 10 га ер майдони ажратилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Америка толи дарахти бугунги кунда мебель ва турли сават ясашда фойдаланиладиган хомашё ҳисобланади. Бу эса оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун мутахассисларни жалб қилган ҳолда аҳоли, айниқса, ёшларни сават тўқиш ва бошқа маиший маҳсулотлар ишлаб чиқаришга жалб қилиш мумкин. Жорий йилнинг ўзида 1 миллион дона кўчат экиш режалаштирилган. Тадбир иштирокчилари бу борада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Медиа-тур якунида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда туман ҳокими Д.Утемуратов жорий йилнинг биринчи чорагида ишлаб чиқаришни ривожлантириш, экспорт кўламини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берди. Тумандаги “Ланко мия”, “Турон мия” , “Кегайли қоғоз”, “Сеntral asia international paper” “Меҳр-шафқат” корхоналари томонидан 2719,6 тонна маҳсулот Хитой, Жанубий Корея, Франция, АҚШ, Италия, Тайван ҳамда Қозоғистон мамлакатларига экспорт қилинди. Янгидан 1,4 километр ичимлик сув, 1 километр электр тармоғи реконструкцияланди ва 3 та трансформатор пункти ўрнатилди. Туманда «Аёллар дафтари»га киритилган 697 хотин-қизнинг, 152 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Халқ депутатлари туман Кенгаши қарори билан 1175 та оила «Темир дафтар»дан чиқарилди.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА