Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 6 май куни чет тилларни ўқитиш сифатини ошириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишда чет тиллардаги кўрсатув ва эшиттиришларни кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда кенг аҳоли қатламининг нутқ ва мулоқотини ривожлантиришга қаратилган чет тилларидаги мультфильм, ҳужжатли ва бадиий фильмлар ҳамда эшиттиришларни кўпайтириш кўзда тутилган. Бунга таниқли маданият ва санъат вакиллари, спортчи ва блогерлар фаол жалб қилинади.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига уч ой муддатда кўрсатув ва эшиттиришлар 24 соат давомида тўлиқ чет тилларида эфирга узатиладиган янги теле ва радиоканалларни ишга тушириш бўйича топшириқ берилди. Бунда ҳар куни камида 3 соатлик дастур хорижий тилларни онлайн ўргатишга ажратилади.

Йиғилишда хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда, жойлардаги 128 та IT-марказларида ёшларни чет тилларига “онлайн” ўргатиш курсларини йўлга қўйиш зарурлиги айтиб ўтилди. Бунда тил ўрганиш харажатларининг бир қисми Ёшлар жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

Инновацион ривожланиш вазирлигигига хорижий тилларни ўргатиш юзасидан маҳаллий электрон дастурларни ишлаб чиқиш “стартап” лойиҳалари бўйича танлов эълон қилиш вазифаси қўйилди. Бунда танлов ғолибларига камида 100 миллион сўм маблағ ажратилади ва келгуси 5 йил давомида қўллаб-қувватланади.

 

ЎзА