Бу ҳақда Президентимиз Шавкат Мирзиёев айни пайтда чет тилларни ўрганиш сифатини ошириш бўйича ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида алоҳида таъкидлади.
Унга кўра, Жаҳон тиллари ва Шарқшунослик университетлари, Самарқанд чет тиллари институти билан бир қаторда, ҳар бир вилоятда биттадан университет чет тиллари бўйича таянч олийгоҳ сифатида белгиланади.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳудудларда чет тилларини ўргатиш муҳитини шакллантириш, бунга ташкилий ва молиявий шароит яратишга шахсан масъул бўлади.
Давлатимиз раҳбари чет тилини ўргатишнинг асосий бўғини – мактабларда ҳар бир туман ва шаҳар кесимида ўқитиш ҳолатини чуқур таҳлил қилиб, аниқ ечимлар топиш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда Нуробод туманидаги 76 та мактабдан 57 тасида инглиз, 14 тасида немис ва 5 тасида француз тили ўқитилиши маълум қилинди. Тумандаги 28 та (38 фоиз) мактабда чет тилини ўқитиш сифати энг паст ўринда.175 нафар ўқитувчидан атиги 3 нафари сертификатга эга, 26 та ўқитувчи ўрни вакант.
Бу йил жорий қилинган имкониятлардан фойдаланиб, Бухоро вилоятидан инглиз тили ўқитувчилари Муродовлар оиласи туманга кўчиб келиб, иш бошлаган. Бошқа ҳудуддан келиб ишлаганлик учун ўқитувчилар оиласига 11 миллион сўм бир марталик тўлов берилди, иш ҳақига 100 фоиз устама, яшаш жойининг ижара пули тўланмоқда.
Нуробод тумани ҳокими вазиятни таҳлил қилиб, маҳаллий бюджетнинг қўшимча даромади ҳисобидан 20 та мактабга 1 миллиард сўм ажратиш орқали чет тилларини ўргатиш сифатини ошириш ташаббуси билан чиққан.
Видеоселекторда Нуробод тумани ҳокими Фахриддин Зоиров туманда жорий этиладиган ташаббус ҳақида ахборот берди.
ЎзА