Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 6 май куни чет тилларни ўқитиш сифатини ошириш бўйича ўтказилаётган видеоселекторда хорижий тилларни ўқитувчи педагогларнинг аксарияти малака сертификатларига эга эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Қайд этилишича, мактабларда ишлаётган жами 53 минг чет тили ўқитувчиларининг атиги 4 фоизи миллий ва халқаро тил билиш тўғрисидаги сертификатларга эга.

Мисол учун, 18 та туман ва шаҳарда, жумладан, Хонобод ва Қувасой шаҳарлари, Зафаробод, Миришкор, Тўрткўл, Шеробод ва Узунда бирорта ўқитувчи сертификат олмаган. Шунингдек, жами 11 минг нафар мактаб чет тили ўқитувчиларининг 49 фоизи тестдан ўта олмаган. Бу Қашқадарёда – 55 фоиз, Жиззахда – 53 фоиз, Самарқанд, Сирдарё ва Сурхондарёда – 52 фоиз.

Шу боис, Президент мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келганини таъкидлади.Бунинг учун, биринчидан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилади.

Агентлик, энг аввало, дунёда самарали натижа берган ўқитиш методикалари, дастур ва дарсликларини боғча, мактаб, лицей, олийгоҳ ва ўқув марказларида жорий этиб, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришга кўмаклашади.

Бунда, таълим муассасалари, тармоқлар ва ҳудудларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, камида 10 та чет тилини (инглиз, рус, немис, француз, хитой, корейс, япон, турк, араб, форс) ўргатишни ташкиллаштиради.

Шунингдек, болаликдан хорижий тилларни пухта ўрганиш кўникмаларини шакллантирадиган оммабоп контентларни ишлаб чиқади.

Бундан ташқари, Агентлик вазирлик, идора ва бошқа иш берувчилар билан бирга, хизматчиларнинг касб фаолиятини хорижий тилларда тўлиқ амалга ошириш имкониятини берадиган методикаларни ишлаб чиқиб, шароитга мослаган ҳолда, амалиётга жорий этади.

Шу билан бирга, давлат тилидан хорижий тилларга ва аксинча бир неча хорижий тиллардан давлат тилига профессионал таржима қилиш методикаларини яратиш ҳам Агентликнинг асосий вазифаларидан бири бўлади.

Агентлик мактаблар, олийгоҳлар, туман, шаҳар ва вилоятлар, тармоқ ва давлат идораларида хорижий тилларни билиш рейтингини ҳам юритади. Чет тили ўқитувчилари учун малака талаблари ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади ҳамда малака тоифаларини беради.

Бир сўз билан айтганда, Агентлик “боғча – мактаб – олийгоҳ – корхона” узлуксиз занжири орқали, аҳолининг барча қатламига мос бўлган тил ўрганиш методика, тавсия ва дарсликларини ишлаб чиқишни ташкил этади ҳамда уларнинг амалга оширилишига кўмаклашади.

 

ЎзА