Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар «Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган лойиҳада 15 апрель санасини «Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни», деб белгилаш таклиф қилинмоқда.

Мамлакатимизда миллий маданиятни янада ривожлантириш, моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини сақлаш ҳамда тарғиб этиш, халқ оғзаки ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини янада оммалаштириш, юртимизнинг жаҳон маданий маконига фаол интеграциялашувини таъминлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Албатта, бунда маданият ва санъат соҳаси фидойиларининг муносиб ҳиссаси бор.

Шу нуқтаи назардан, қонун лойиҳасида мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ўзбек миллий маданияти ва санъати нуфузини жаҳон миқёсида ошириш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида фидокорона меҳнат қилган ҳамда юқори натижаларга эришган фуқароларни «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони билан тақдирлаш кўзда тутиляпти.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.

 

 Н.Насриев, ЎзА