9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ одамларнинг бевақт ўлимига, мислсиз йўқотишлар ва талафотларга сабабчи бўлган дунёдаги энг даҳшатли, қонли қирғинлардан бири сифатида инсоният тарихида муҳрланиб қолди. Кўп миллатли Ўзбекистон халқи ҳам ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшди.
Хусусан, 2 миллионга яқин юртдошимиз жангларда иштирок этиб, уларнинг 500 мингдан ортиғи қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Шу билан бирга, уруш даврида республикамиз фронт учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа ва бошқа воситаларни етказиб берадиган муҳим таъминот марказларидан бирига айланди.
Айниқса, юртдошларимиз жанглар давом этаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчирилган 1,5 миллиондан ортиқ кексалар, аёллар ва ёш гўдакларни бағрига олиб, оғир дамларда уларга беқиёс ғамхўрлик кўрсатди.
Ўзбекистоннинг бошқа барча ҳудудлари қатори Қорақалпоғистондан ҳам Иккинчи жаҳон урушида кўплаб инсонлар иштирок этган ва қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган. Хусусан, 1941 йилнинг 1 ноябрига қадар Қорақалпоғистонда 20 та батальон, 114 та рота, 955 та бўлинма ташкил этилган. 1941 йил 3 декабрда 97-Қорақалпоқ алоҳида миллий бригадаси тузилиб, унинг сафларига кўнгилли равишда 5 минг 500 нафар хизматчи ва ёшлар кирган.
Ўша даврда Собир Камолов – Ўзбекистон Компартияси Қорақалпоғистон область комитетининг биринчи котиби, Матеке Жуманазаров – ҚҚАССР Олий Совети Президиуми раиси, Пиржан Сеитов эса республика Халқ комиссарлари советининг раиси бўлиб ишлаган. Қорақалпоғистонлик атоқли давлат арбоби Қаллибек Камолов Иккинчи жаҳон уруши даврида жонбозлик кўрсатган ана шу тарихий шахслар фаолиятига юқори баҳо берган.
Жумладан, Пиржан Сеитов, Науриз Жапаков, Матеке Жуманазаров ҳақида сўз юритар экан, Қ.Камолов шундай деган: “Ўттизинчи йиллар охири, Иккинчи жаҳон уруши, халқ хўжалигини қайта тиклаш. Оқсоқолларимизнинг республикага раҳбарлик қилиши худди шу йилларга тўғри келган. Маълумки, ўша йиллар йўқчилик ва қаҳатчилик даври бўлиб, одамларнинг турмуш даражаси кескин ёмонлашган, давлат таъминоти анча қисқариб кетганди. Ерга ҳўкиз ёки эшак қўшилган омочларда, баъзан ҳатто биргина кетмон билан ишлов берилар ва экин чиғирларда суғорилар эди. Шундай оғир синов йилларида оқсоқолларимиз юрт фаровонлиги, республикамизнинг ободлиги ва равнақи йўлида ҳалол хизмат қилганлар, одамларни едириб-ичирганлар, халқимиз аҳиллигини кўз қорачиғидек асраб-авайлаганлар”.
Пиржан Сеитовнинг хотиралари ҳам эътиборга моликдир. “Ҳамма Ватан ҳимоясига отланганди, – деб эслайди П.Сеитов ўша кунларни. – Агар 18 дан 40 ёшгача бўлган йигитлар фронтга кетган бўлса, 40 дан 50 ёшгача бўлган эркаклар ишчи батальонларига сафарбар этилганди. Ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, халқимиз экин экиш ва ғўзани чеканка қилиш ишларини сира тўхтатиб қўймаган. Ҳатто пахта ҳосилдорлиги бўйича олдинги кўрсаткичлар даражаси сақлаб қолинганди. Ҳар бир деҳқон хўжалиги ўз шахсий томорқасидан фронтда жанг қилаётганлар учун 35 килограммдан гўшт ва 3 килодан ёғ топшириш мажбуриятини зиммасига олганди”.
Урушда 66 минг нафар қорақалпоғистонлик иштирок этган ва улардан 34 минг нафари жанггоҳларда ҳалок бўлган. Қорақалпоғистондан фронтга сафарбар этилган 14 мингдан зиёд жангчига жанговар хизматлари учун давлат мукофотлари – унвон, орден ва медаллар берилган.
Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатгани учун 1942 йилда – Абдулҳақ Умеркин, 1943 йилда – Ўрозбой Жуманиёзов, Андриан Пишчулин, Николай Сараев, 1944 йилда – Махаш Балмагамбетов, Жумагали Калдикараев, Иван Махорин, Иноят Наврўзбоев, Александр Симанов, 1945 йилда – Ўринбой Абдуллаев, Дмитрий Бернацкий, Михаил Булатов, Плис Нурпейсов, Александр Трошков, Жуман Қорақулов «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.
Бундан ташқари, қорақалпоғистонлик жангчилардан Ефим Беспалов, Александр Заика, Алимбой Омонбоев, Раим Соипназаров, Тилаймурод Ўтемуродов, Жўлдасбой Ҳалимбетов учала даражадаги «Слава» («Шуҳрат») ордени билан мукофотланган.
Уруш йилларида фронт ортида ҳам Қорақалпоғистон аҳли улкан матонат кўрсатган. Фронт орти ишларида 25,5 минг нафардан зиёд киши меҳнат қилган бўлса, 75 минг 400 нафардан ортиқ қорақалпоғистонлик навқирон йигит-қиз урушнинг турли жабҳаларида ўз фуқаролик бурчини бажарган. Уруш йилларида 90 мингдан зиёд аҳоли совуқ, очарчилик ва эпидемия туфайли вафот этган.
Шунга қарамай, Қорақалпоғистон Республикасида маданий ва маънавий-маърифий ҳаёт тўхтаб қолмаган. Жумладан, бу ерда 1944 йилда учта факультет – қорақалпоқ тили, адабиёти ва тарихи; физика-математика; рус тили ва адабиёти факультетларидан иборат Педагогика институти очилган.
1944 йил 30 август куни Қорақалпоғистон давлат театри саҳнасида “Лейтенант Елмуратов” номли пьеса намойиш этилган. Қорақалпоғистонликларнинг урушдаги иштирокига доир ушбу илк пьеса муаллифи истеъфодаги кичик сержант Жолмирза Аймурзаев ҳисобланади.
Шунингдек, адиб ва драматург Амет Шамуратов “Қирққиз” драмасида сулув ва қаҳрамон қиз Гулойим бошчилигида ўз халқининг озодлиги учун курашган қирқ нафар қорақалпоқ қизи жасоратини тараннум этган. Атоқли қорақалпоқ шоири Бердақнинг “Ерназар бий” мумтоз достони эса адиб Раҳим Мажитовни жасорат талқинига бағишланган янги драма яратишга илҳомлантирган.
1944 йил 24 декабрда Қорақалпоғистон мухтор вилояти ташкил топганининг 20 йиллиги нишонланган. Шу муносабат билан эл-юрт орасида машҳур 200 нафар инсон: деҳқонлар ва агрономлар, ёзувчилар ва санъаткорлар, давлат ва жамоат арбоблари турли мукофотлар билан тақдирланганлар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 апрелда қабул қилинган “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек, халқимизнинг тарих саҳифаларига ўчмас ҳарфлар билан битилган мардлик ва матонати, олижаноблиги, меҳр-муруввати ва юксак маънавияти барчамизнинг қалбларимизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлаб, фарзандларимизни ватанпарварлик ва аждодлар жасоратига садоқат руҳида тарбиялашда илҳомлантириб келмоқда.
Шунинг учун босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва мардлик намоён этиб, бугунги тинч
ва осойишта кунларимиз учун жонини фидо қилган жасур юртдошларимизнинг муқаддас хотирасини эъзозлаш ва фахрийларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш юртимизда эзгу анъанага айланган.
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 23 октябрда қабул қилинган «Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз пойтахти – Тошкентда янги тарихий маълумотлар ва ҳар жиҳатдан пухта ишланган лойиҳалар асосида «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси бунёд этилганига бир йил тўлди.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Ғалаба боғининг тантанали очилиш маросимида таъкидлаганидек, «Бу бетакрор мажмуа қаҳрамон халқимизга муносиб бўлиб, ҳам меъморий жиҳатдан, ҳам тарихий-маънавий жиҳатдан ғоят ноёб ва маҳобатли обида бўлиб қад ростлади».
«Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси – Президентимиз ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилган муҳташам боғ айнан шундай номлангани бежиз эмас. Бинобарин, мажмуа “Матонат мадҳияси”, “Мангу жасорат”, «Кўз ёши» монументлари ҳамда “Шон-шараф” давлат музейи каби муҳим ёдгорлик объектларини ўзида қамраган.
“Шон-шараф” давлат музейи залларида Ватанимизнинг кўплаб қаҳрамон фарзандлари қатори қорақалпоғистонлик мард ўғлонларнинг ҳам жасорати ва матонати ҳақида ҳикоя қилувчи ноёб тарихий ашёлар намойишга қўйилган.
Ўзбекистон Президентининг қарорида Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларида ёш авлодни она юртга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган, Иккинчи жаҳон уруши даврига оид ҳapбий техника, тарихий экспонатлар, инсталляцияларни ичига олган замонавий «Ватанпарварлар» боғларини барпо этиш белгилаб берилган. Бугунги кунда Нукус шаҳрида «Ватанпарварлик боғи» мажмуаси ўз фаолиятини бошлади.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон тарихшунослигида Иккинчи жаҳон уруши даври тарихини ўрганишда биринчи маротаба 1964 йили “Қорақалпоғистон АССР тарихидан очерклар” китоби мисолида муҳим қадам қўйилган. Бунда профессор Ш.Бабашевнинг улкан хизматларини эътироф этиш лозим.
Тарих фанлари доктори, профессор Б.Кощанов ва тарих фанлари номзоди, доцент С.Сайманов қайд этганидек, Қорақалпоғистон Республикасининг Иккинчи жаҳон уруши даври тарихини ўрганиш муҳим сиёсий, илмий ва амалий аҳамият касб этади.
Шу ўринда тарихчи олимлар бу борада илгари сурган хулосалардан келиб чиқиб, қуйидаги таклифларни билдирамиз.
Биринчидан, уруш демографияни ўзгартириб юборди. Агар урушга қадар Қорақалпоғистон аҳолиси 510 минг нафар кишини ташкил этган бўлса, ушбу кўрсаткич 1959 йилга келибгина забт этилди. Урушда бой берилган 34 минг нафар жангчидан ташқари, фронт ортида эпидемия, очарчилик ва совуқ оқибатида 90 минг инсон қурбон бўлган. Шу маънода, келгусида бу борада тадқиқотлар олиб бориш ва изланишлар натижаларини эълон қилиш мақсадга мувофиқ.
Иккинчидан, Қорақалпоғистон Республикасининг барча музейларида Иккинчи жаҳон уруши даврига оид экспонатлар: хатлар, суратлар, архив ҳужжатлари ва турли тарихий ашёлар жамланган. Аммо, шу вақтга қадар Қорақалпоғистонда урушнинг бутун фожеали оқибатларини очиб беришга хизмат қиладиган алоҳида бир музей мавжуд эмас. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Нукус шаҳридаги «Ватанпарварлик боғи» мажмуаси ҳудудида ёки яқинида Тошкентдаги “Шон-шараф” музейига ўхшайдиган музей ташкил этилса нур устига нур бўлур эди.
Учинчидан, ҳозирга қадар Иккинчи жаҳон уруши даври тарихи ҳақида сўз борганда, асосан қорақалпоқ халқи фарзандларининг жангоҳлардаги жасорати ва фронт ортидаги матонати ҳақида ҳикоя қилиш билан чекланилмоқда. Шу нуқтаи назардан, келгусида ушбу давр тарихини ўрганишда Қорақалпоғистон аҳолисининг кундалик ҳаёт тарзи қандай кечганига кўпроқ эътибор қаратиш зарур.
Тўртинчидан, ҳалигача 1943 йилдаги Қўнғирот воқеаси, яъни мазкур туман аҳолисининг урушга сафарбарлик учун масъул ҳарбий офицерлар зўравонлигига қарши норозилик чиқишлари билан боғлиқ тафсилотлар тадқиқ этилмаган. Бу борадаги дастлабки ўрганишлар шуни кўрсатадики, ўшанда Қорақалпоғистонга аҳолини Сибирга депортация қилиш хавфи таҳдид солган. Бу, ўз навбатида, 1943 йилдаги Қўнғирот воқеаси тўғрисида илмий-ҳужжатли китоб ёзишни тақозо этади, деган фикрдамиз.
Бешинчидан, бугунги кунда ота-боболаримизнинг ўша даҳшатли урушдаги иштироки ҳақида янада ёрқин илмий ва тарихий асарлар ёзиш даврнинг долзарб талабига айланди. Хусусан, мавжуд тарихий ҳужжатлар ва архив маълумотлари асосида “Қорақалпоғистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси” номли салмоқли китоб-альбом тайёрлаш ва нашрдан чиқариш айни муддаодир.
Акмал Саидов,
юридик фанлар доктори,
профессор, ЎзФА академиги.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги