Пойтахтимиздаги «Туркистон» саройида журналистика соҳасидаги «Олтин қалам» миллий мукофоти учун ўтказилган ХV танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази томонидан ўтказилаётган мазкур танлов миллий журналистикамизни янада ривожлантириш, ижодкорларни ўз устида ишлашга даъват этмоқда.

Кейинги йилларда миллий медиа соҳани ривожлантириш борасида кўплаб амалий ишларга қўл урилди. Журналистика равнақини кўзловчи эзгу ташаббуслар ҳаётга фаол татбиқ этилмоқда. Сўз ва матбуот эркинлиги учун тобора кўпроқ имкониятлар яратилмоқда. Айни дамда эркинлик масъулиятини ҳис этиш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этаётир. Давлатимиз раҳбарининг «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, медиа соҳада янги тизим яратилди.

Ана шу хизматлар томонидан ижтимоий жараёнлар ҳақида ишончли ахборот бериш мақсадида матбуот анжуманлари, брифинглар, медиа турлар мунтазам ўтказилмоқда. Жамиятдаги муаммоларга тезкор муносабат билдирилмоқда.

Охирги йилларда юртимизда катта аудиторияга эга бўлган қарийб 290 та хусусий ва идоравий интернет нашрлари ташкил этилди. Улар тегишли ахборотлар билан бирга энг муҳим расмий хабарлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида тарқатмоқда. Муҳими, оммавий ахборот воситалари жойлардаги муаммо ва камчиликларни бугун баралла кўтариб чиқмоқда.

Бугун мамлакатимизда 1,8 мингдан ортиқ оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда, уларнинг 60 фоиздан ортиғини нодавлат медиа тузилмалар ташкил этади. Интернет тармоғида оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтиб, фаолият юритаётган веб-сайтлар сони 630 тага етди.

Миллий медиа оламида ўзига хос ўринга эга бўлган «Олтин қалам» мукофоти учун танловида ўтган йиллар мобайнида 7 мингдан ортиқ журналист 107 мингга яқин ижтимоий аҳамиятга молик ишлари билан қатнашди. 290 нафардан ортиғи танлов ғолиби бўлди. 2020 йилда танлов пандемия сабабли ўтказилмади.

Жорий йилда танловни ўзига хос форматда ўтказишга аҳамият қаратилди. Хусусан, » Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун» рағбатлантирувчи номинация асосий мукофотлар сирасига киритилди. Яна бир ўзгариш – танловга тақдим этилган материалларнинг электрон шаклини уюшманинг journalist.uz веб сайтида очилган «Олтин қалам –2021» бўлимига жойлаштириш, уни беш балли тизим бўйича баҳолаш йўлга қўйилди. Бу жараёнда иштирокчиларнинг ишлари оммавий ахборот воситалари, медиа тузилмалар, соҳага кадр етиштирувчи олий ўқув юртлари, ахборот хизматлари томонидан баҳолаб борилди.

Бу йилги танловга 430 га яқин журналист уч мингдан ортиқ ижодий иши билан қатнашди. Сўзга масъулият ва ифода маҳорати, журналистнинг фуқаролик позицияси, танқидий-таҳлилий мушоҳада, юксак профессионализм, ижодга янгича ёндашув каби мезонлар асосида ишлар баҳоланди. Ғолиб ва совриндорларни аниқлаш, яъни , якуний хулосага келишда танлов низомида белгиланганидек, уюшма сайтида амалга оширилган баҳолаш натижаларига ҳам таянилди.

Танловни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон ижодкорларни қўллаб-қувватлаш «Илҳом» жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган.

 

   Н.Усмонова, ЎзА