30 апрель куни маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев мазкур тармоқни ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Қайд этилишича, вилоятларда қурилиш материаллари соҳасида 5 миллиард долларлик 1 мингдан зиёд лойиҳа таклифлари шакллантирилган. Вилоят ҳокимлари йил якунига қадар 900 та лойиҳани ишга тушириш орқали 25 мингта иш ўрни яратишга масъул бўлади.
“Саноатқурилишбанк” раҳбарига қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳалари учун 300 миллион доллар маблағлар жалб қилиш вазифаси қўйилди. Бунга қўшимча, лойиҳаларни кредитлашга давлат томонидан “Саноатқурилишбанк” орқали қўшимча 200 миллион доллар ажратилади.
Янги турдаги қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун, тадбиркорларга 15 миллиард сўмгача кафиллик берилади (ҳозирда 8 миллиард сўм).
Шунингдек, миллий валютадаги кредитлар бўйича Марказий банк ставкасидан 10 фоизгача ортиқ қисми ва хорижий кредитлар бўйича, фоиз ставкасининг 50 фоизи қоплаб берилади. Қишлоқ жойларидаги саноат зоналари ҳамда конлар ва карьерлар учун ер солиғи 10 бараваргача камайтирилади.
Президент мутасаддиларга қурилиш материаллари саноатини янада қўллаб-қувватлаш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаш, умуман, маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича уч ойда аниқ натижа кўрсатиш бўйича топшириқлар берди.