Маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида Пешку тумани ҳокимининг ҳудудда маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича ҳисоботидан сўнг қурилиш материаллари кластерларига маблағи, жалб этиладиган инвестициялари, инфратузилмаси ҳал қилиб берилиши айтилди.
Йиғилишда мазкур масала бўйича Бухоро вилояти ҳокимининг ҳам ҳисоботи эшитилди.
Президентимиз жойларда маҳаллий саноат ривожланмаётгани, бунга сабаб ҳудудлардаги ресурслар захиралари ва аҳолининг талаб-эҳтиёжи ўрганилмаётгани қайд этилди. Натижада кўплаб истеъмол товарлари мавжуд захиралар, етарли ишчи кучи ва инфратузилма бўлатуриб, четдан келтирилаётгани кўрсатиб ўтилди.
Видеоселекторда 24 та туманни қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш бўйича топшириқ берилди.Бунда, қурилиш материаллари кластерларини, аввало, йирик корхоналар ва мавжуд инфратузилмага яқин ҳудудларда жойлаштириш зарурлиги таъкидланди.
Мисол учун, Чуст, Фориш, Қоровулбозор, Шеробод туманларидаги цемент заводлари, Ўзбекистон туманидаги норуда конлари инфратузилмасидан фойдаланиб, бундай кластерларни ташкил этиш кераклиги айтилди.
Ушбу 24 та туманда инфратузилмани яхшилаш учун бюджетдан қўшимча 400 миллиард сўм, геология ишларини амалга оширишга 100 миллиард сўм ажратилади.
Йиғилишда бир ой муддатда вилоят ҳокимларининг аниқ таклифлари асосида бу маблағларни тақсимлаш ва инфратузилма барпо этиш ишларини бошлаш, айни пайтда жорий йилда амалга ошириладиган лойиҳаларни шакллантириш бўйича топшириқлар берилди.