Бугунги Электрон оммавий ахборот воситаларининг миллий ассоциацияси ташаббуси билан ташкил этилган “Республика аҳолисини ижтимоий муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нархлар барқарорлигини сақлаш” мавзуида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқотда сўнги пайтлар ёғ маҳсулотларининг қимматлаши билан боғлиқ эътирозли хабарларга изоҳ берилди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси маълумотларига кўра, ўсимлик ёғи нархлари кескин ўсганлиги жамоатчиликда кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Статистик маълумотлар бўйича 1 литр ўсимлик ёғи ўртача 18 минг сўмдан, 24 минг сўмгача сотилаётганлиги қайд этилган.
Жорий йил ўтган даврида импорт ёғ географияси бўйича 68 фоиз импорт ҳажми Россия ҳиссасига тўғри келмоқда.
Натижада қўшни давлатларда ички бозор ҳимоя қилиниши, экспорт божлари оширилиши бизнинг бозорда нарх ошишига таъсир этган. Россиядан импорт қилинган 1 тонна ўсимлик ёғи нархи 2020 йилда ўртача 900долларни ташкил этган бўлса, 2021 йил апрель ойига келиб 1 270долларни ташкил этди, нархларнинг ўртача ўсиши – 41 фоиз. Бундан ташқари, Халқаро экспертлар баҳосига кўра, бу йили кунгабоқар ҳосили дунёда ўтган йилга нисбатан 9,3 фоизга кам бўлган.
Дунёда ўтган 2019–2020 ҳосил йилида 54 680минг тонна, 2020–2021 ҳосил йилида 49 603минг тонна кунгабоқар олинган. Ўзбекистонга ўсимлик ёғини асосий экспортери бўлган Россияда эса ҳосил 13,3 фоизга камайган. Россияда 2019–2020 ҳосил йилида 15 305 минг тонна, 2020–2021 ҳосил йилида 13 269 минг тонна кунгабоқар олинган. Жорий йилнинг I чорагида 55,8 минг тонна ўсимлик ёғи импорт қилинган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,6 минг тонна кўп.
ЎзА.