Қорақалпоғистон халқ шоири, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Кенес Каримов тарих, жамият, журналистика ҳақида

 

Умрининг 40 йилдан ошиқ вақтини Журналистика соҳасига бахш қилган ва кексалик даврини ёзувчилик соҳасида унумдор ўтказаётган Қорақалпоғистон халқ шоири, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Кенес Каримов яқинда “Меҳнат фаҳрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шу муносабат билан ёзувчи, шоир ва журналист устозни табриклаш учун иш хонасига кирар эканман ҳақиқий ижодий муҳит кўзга ташланди.  Ёзув столида газета-журналлар яйраб, китоблар уюлиб ётарди. Ижодкорнинг ўзи эса ёзиш билан машғул.

Илк саволимиз унинг қатор тарихий романлари хусусида бўлди.

  • Айтингчи, тарихий романлар ёзишга нима нарса туртки бўлди? Бунга балким болалигингиздан тарихга қизиқишингиз сабабчи бўлгандир.
  • Тарихни билишга ҳамма ҳам қизиқса керак. Ёш минган сари ўзингнинг кимлигингни, тарихий ўтмишингни билишга қизиқа бошлайсан. Бизнинг замонимизда ҳозиргидек турли гаджетлар, компьютерлар бўлмади, албатта. Информация оқими кам вақтлар. Бор вужудимиз билан китоб ўқишга вақтимизни сарфлардик. У пайтларда овулнинг одамлари жуда гурунгчил бўларди. Шуларнинг қизиқарли суҳбатларини эшитишга интилардик.

Мен улғайган қишлоққа яқин жойда тарихий шахс Ережеп тентек яшаган. Кичкиналигимизда у ҳақида кўп гурунглар эшитардик. Кейинчалик у киши ҳақида архив материаллари, олимларнинг илмий тадқиқотлари билан танишдим ва шу тариқа тўрт китобдан иборат тарихий роман дунёга келди.

Тарихий асарларимнинг ҳаммасида тарихий фактларга асосланганман. Мана ҳозир ҳам ўзимнинг тўғилиб ўсган Чимбой тарихи ҳақида бирнималар қоралаябман. Қўлимга шу бўйича илмий китобларни олиб ўтирибман, керакли жойларига белги қўйиб кетябман.

  • Журналистикага кириб келишингиз қандай бўлган? Сизни журналист деймизми, шоир ёки ёзувчи? Қайсисининг ҳиссаси кўпроқ?
  • Мен аввало, журналистман. 35 йил узлуксиз Журналистика соҳасида фаолият юритганман. Мактабда пайтимда девор газетаси муҳаррири бўлдим. Мактабни тугатгандан кейин ҳарбий хизматга чақирилишимдан олдин “Совет Қарақалпақстаны” (ҳозирги “Еркин Қарақалпақстан”) газетасига корректор бўлиб ишга келганман. Шу газетада мен ҳар хил даврларда корректор, Бош муҳаррир ўринбосари, Бош муҳаррир лавозимларида фаолият юритдим. Телерадиокомпанияда, нашриётда, “Амударё” журналида ишладим. Умуман олганда, меҳнат фаолиятимнинг 40 йилдан ортиқ вақти журналистлик фаолият билан боғлик.

Устозимиз Шарап Уснатдиновнинг бир гапи бор эди – Журналистнинг нони юпқа, лекин, аралашсанг кета олмай қоласан, деган. Мана, бизнинг ҳаётимизда ҳам шу нарса рўй берди.

  • Кўп йиллардан берли халқ орасида юрибсиз. Айтингчи, кечаги кун билан бугунги куннинг ўртасида қандай фарқ бор?

–  Сизнинг кечаги кун деганингиз бу 30 йилдан нариги вақтлар-ку. Бир вақтлари Хива гилам олмоқчи бўлиб, роса ўриниб ола олмаганман. У пайтларда телевизор, музлатгич, гилам каби нарсаларни Касаба уюшмаси орқали олар эдик, қачон навбат келгунча кутардик. Шу нарсаларга ҳам “шапка” ўйнарди. Бир куни дўконда рангли телевизор кўриб қолиб, олмоқчи бўлдим. 725 сум экан. Телевизорни олиш учун анча кутишим кераклигини айтишди. Кейин “разнарядка” бўйича берадиган бўлиб қарор чиқибти. Бу 90-йилларда бўлган воқеа.

У пайтларда халқнинг истеъмол талаби ҳозиргидек юқори эмасди. Дастурхонларда нон билан, оқ қанддан бошқа ҳечнарса бўлмасди. Бақувват деб ҳисоблайдиган оилаларда ҳам сариёғни ҳар замонда бир истеъмол қиларди. Ҳозирчи? Дастурхонга қўйишга жой топилмай қолади. Оддий оилаларнинг уйларида ҳам тўкин-сочинлик.

Бундан 5-10 йил авваллари Нукусда 2 қаватли бино қурилса, шуни оммавий ахборот воситаларида йиллаб айтиб юрардик. Ҳозир мана қурилишлар кетяпти, масалан, шаҳар марказида 16 қаватли 3 та бино қуриляпти. Улар ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти. Янгиликларга кўмилиб қолдик, назаримда.

Яқинда Россиянинг Совкомбанкининг бош таҳлилчиси Ўзбекистонни “Осиё йўлбарси” деб атабти. Бундай таъриф шиддат билан ривожланаётган мамлакатларга берилади. Хусусан, хорижий инвестицияларнинг жалб қилиниши билан баҳоланади. Мана, масалан, ўтган йили Қорақалпоғистонда умумий қиймати 436 миллион долларлик 712 та лойиҳа амалга оширилиб, 4 минг 300 дан зиёд иш ўрни яратилган экан. Жорий йил эса умумий қиймати 887 миллион доллардан зиёд бўлган яна 711 та лойиҳа шакллантирилган. Бунақа рақамларни илгарилари айтишнинг ўзи мумкин эмасдек туюларди.

  • Бугунги кунги ёш авлод ҳақида нима дейсиз? Уларни ватанпарварлик руҳида қандай тарбиялаш мумкин?
  • Ҳозирда назаримда аксарият ўсмирлар китоб ўқимоқ тугул ҳаттоки телевизор ҳам кўрмай қўйди. Компьютер ўйинларига боши билан чунғиб кетди.

Менигча, ёш авлодни тарбиялаш режали амалга оширилиши керак. Бизларнинг вақтимизда октябрят, пионер, комсомол деган тизим бўлди. Масалан, шу вақтларда октябрятдан пионерга ўтганда, кўксимизга нишон таққанда қандай ғурур пайдо бўлар эди. Ҳамон ёдимда, қишлоқдан анча йўл пиёда босиб келиб шаҳар марказида комсомолга ўтган эдим. Мажбурий эмас, ўзим юрагим отлиқиб бордим. Ҳар йили маълум бир тадбирлар қайталаниб турар эди. “Тимурчилар отряди” масалан қурилиш ишларига ёрдам берса, “Яшил белбоғ” акциясида дарахт экардик, тўқайзорларга бориб, ободонлаштириш билан шуғулланардик. Мана шу каби 7-8 тадбир ҳар йили қатъий такрорланиб турарди.

Ҳозирчи? Битта мавзуни кўтарамиз. Шу пайтда ур-ҳа ур бўлади да, кейин унутилиб кетади. Масалан, мактабларга раҳбарларнинг китоб совға қилиниши нима бўлди ҳозир. Йўқ. Президент доим уқтириб ўтириш керакми? Бу тизимли бўлиши керак.

Менингча, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун мафкура керак. “Мен ватанимни севишга ваъда бераман, атроф-муҳитимни, тарихий меросларимни асраб-авайлайман” деган каби кичкина матн қўлига берсак, шуни ёдлаб қасам қилса, нимаси ёмон?! Бола ҳозир унинг маъносини тушунмаслиги мумкин, аммо, такрорлай берса, миясида муҳрланиб қолади. Бир кунлари бориб унинг маъносини тушунадиган бўлади.

Болани аввало ватанпарварликка ўргатиш зарур. Тадбиркор ёки қандайдир муҳим соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишиш ғояси шундан кейин бориб шаклланиши даркор. Ватанини севган инсондан яхши кадр ҳам чиқади ва унинг Ватанга фойдаси ҳам кўп бўлади. Яхши кадр бўлиб етилишиб, аммо унинг юрагида Ватанга меҳри бўлмаса, у бу ерда қолмайди. Америкагами, Европагами суриб кетиши турган гап.

Хуллас, маънавият тизимли ташкил қилиниши керак. Уни болаликдан бошлаш зарур.

 

Суҳбатлашган: Есимхон Қаноатов