Президент Шавкат Мирзиёев раислигида айни пайтда ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказмоқда.

Йиғилишда вилоятларда жорий йил 1 октябрга қадар халқаро ва вилоятлараро магистрал йўллар ёқасида, намунавий лойиҳалар асосида камида 500 тадан савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини лойиҳа асосида ташкил этиши ва 50 мингта янги иш ўринлари яратиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Бош вазир маслаҳатчиси О.Умаров, ахборот ва коммуникация технологиялари вазири Ш.Содиқовга ахборот соҳасида хусусий сектор иштирокини янада кенгайтириш, нархларни арзонлаштириш ва сифатини ошириш ҳисобига, алоқа ва интернет хизматлари ҳажмини камида 2 бараварга (20 триллион сўм) ва дастурлашни эса 3 бараварга (2,5 триллион сўм) оширишни таъминлаш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, пахта ва ғалла кластерларида энг муҳим турдаги агрохизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.

Бунда аграр соҳада 17 та йўналишдаги хизматлардан қанчасини кластерлар ташкил этилиши белгиланиб, ушбу хизматлар кластерлар кесимида тасқимланади.

Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров, Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Қудбиев, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусановга бир ой муддатда хизматларни “соядан чиқариш”, тадбиркорлар фаолиятини янада соддалаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Ушбу масъуллар ҳар бир ташкил этилаётган хизмат кўрсатиш шохобчаларида яратилаётган доимий иш ўринларини мунтазам мониторинг қилиб, ҳисобини юритади.

Шу билан бирга, вазирлик ва идоралар масъул соҳаларда кўрсатиладиган пуллик хизматларнинг режасини тасдиқлаб, ижросини ойма-ойма назоратга олиш топшириғи берилди.

Шунингдек, тижорат банкларига бир ой муддатда замонавий банк, молия, консалтинг хизматлари, жумладан, “банк эко тизими”, баҳолаш, аудит, суғуртанинг янги хизмат турларини жорий этиш бўйича дастурлар қабул қилиш вазифаси қўйилди.

 

ЎзА