Бош прокурор Н.Йўлдошев, ички ишлар вазири П.Бобожонов, Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори А.Бурҳонов, Бош прокуратура департаменти (Дилшод Раҳимов)га ажратиладиган маблағларнинг ҳар бир сўмини самарали ва мақсадли ишлатилиши устидан доимий ва таъсирчан назорат ўрнатиш топшириғи берилди.
– Пулни беришдан олдин, назорат тизимини қиламиз. Андиша қилиш даври тугади. Ҳамма бирдек – қонун устувор, жазо муқаррар, – деди Президент.
Йиғилишда ҳар бир вазирлик ва идора раҳбари ўзи масъул бўлган соҳада аҳолига хизматлар кўрсатиш борасидаги муносабат ва ёндашувларини мутлақо ўзгартириши шартлиги таъкидланди.
Вазирлар ўз соҳасида хусусий сектор фаолияти учун қонунчилик базасини яратиши ва рухсат бериш талабларини соддалаштириши, янги хизмат турларини жорий этиш учун тадбиркорликка йўл очиши зарурлиги қайд этилди. Бунда қаерда давлат корхонаси, қайси фаолият бўйича давлат-хусусий шериклик ёки хусусий сектор фаолият юритишининг қоидалари аниқ ва лўнда қилиб белгиланиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари кейинги 2 йилда 6 мингга яқин кўп қаватли уйлар барпо этилгани, ҳудудларда ҳатто 25-30 қаватли уйлар қурилаётганини таъкидлади. Лекин бу уйларнинг эксплуатацияси ва уй-жой массивларида хизматларни ривожлантириш билан шуғулланадиган аниқ шахслар йўқлиги қайд этилди.
Уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятовга вилоят ҳокимлари билан бирга, жорий йилда бошқарув компанияларини ташкил этиш орқали кўп қаватли уйларга хизматлар кўрсатиш ҳажмини камида 3 бараварга ошириб, 1,5 триллион сўмга етказиш бўйича топшириқ берилди (ўтган йили 513 миллиард сўм).
Йиғилишда Шерзод Ҳидоятов ушбу ишларни жойларда давлат хусусий шерикчилик асосида қандай ташкил этиши бўйича ахборот берди.
ЎзА