Айни пайтда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича жорий йилги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Президент тадбиркорлар билан учрашувлар, уларнинг мурожаатлари хизматлар соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий хизмат турларини йўлга қўйиш бўйича ташаббус ва талаб ўта юқорилигини кўрсатаётганини таъкидлади.

Шу боис, Бош вазир ўринбосарлари – Ж.Қўчқоровга ўзига бириктирилган Наманган, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари, С.Умурзоқовга – Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Хоразм, Сурхондарёда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга ҳар бир маҳалла, туман ва шаҳарда хизматлар ҳажмини 3-5 бараварга ошириш бўйича ойма-ой режаларини тасдиқлаб, ижросини ташкил этиш ва назоратга олиш бўйича топшириқ берилди.

Миллий банк раиси А.Мирсоатов ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, хизматларни кенгайтириш, янги хизмат турларини йўлга қўйиш, илғор тажрибалар ва намунавий лойиҳаларни жорий этиш бўйича янги методологияни яратишга масъул этиб белгиланди.

Бунинг учун Миллий банк қошида хизматларни ривожлантириш бўйича лойиҳа-таҳлилий маркази ташкил этилади ва барча вилоятлардаги филиалларида унинг бўлимлари очилади.

Ушбу марказда вазирликлар, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга, янги методология асосида лойиҳа ташаббускорларига намунавий тайёр бизнес лойиҳаларини тақдим этиш билан бирга, уларни касбга ўқитишдан бизнесини йўлга қўйишгача бўлган “комплекс хизматлар” кўрсатишни ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Бунда қуйидаги йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Биринчидан, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари жорий йилда хизматлар соҳасида 59 триллион сўмлик 42 мингта янги лойиҳани амалга ошириш, 150 мингта янги доимий иш ўрни яратиш бўйича ўз режаларини белгилаган.

– Ҳокимларнинг белгилаган режаларини ўзим бирма-бир кўриб чиқдим.Уларнинг ўзига олган марралари ушбу ҳудудлар салоҳиятидан анча паст. Мисол учун, Жиззах бор-йўғи 718 миллиард сўмлик лойиҳаларни шакллантирган. Шу билан бирга, Қашқадарё 1,6 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширишни белгилаган бўлиб, бу аҳолиси қарийб 3 баравар кам бўлган Сирдарё режасидан (2,1 триллион сўм) 25 фоизга паст, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда хизматлар ҳажми анча паст бўлган Олтинсой ва Шаҳрисабз туманлари (ўртача 2 миллион сўмдан) ҳокимларининг таклифлари мутлақо қониқарсиз экани қайд этилди. Олтинсой туманида атиги 107 та (54 миллиард сўм) ва Шаҳрисабз туманида 64 та (91 миллиард сўм) лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган.

Чирчиқ шаҳар ҳокими меҳмонхона, ресторан, аквапарк, кинотеатр, спорт ва бошқа кўнгилочар объектлар ташкил қилиш орқали жами хизматлар ҳажмини камида 3 триллион сўмга етказиши кераклиги кўрсатиб ўтилди (ҳозирда 1,4 триллион сўм).

Видеоселекторда Чирчиқ шаҳар ҳокими Санжар Юсупов хизматлар ҳажмини 5 бараваргача ошириш бўйича ўз режаларини тушунтирди.

 

ЎзА