Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 22 апрель куни ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
Давлат раҳбари ҳозирги таҳликали замонда Ўзбекистоннинг ўрни қандай бўлади, деган савол ҳар бир кишини ўйлантириши, мамлакатимизда иқтисодиётни барқарор қилиш учун катта-катта маблағлар сарфланаётган бир пайтда, ҳокимлар ажратилган пулларни тўғри ва оқилона сарфлаш устида бош қотириши лозимлигини таъкидлади.
– Афсуски, шунча талабчанликка қарамай, ҳокимлар ажратилган пулларни талон-торож қилишга йўл қўйиб бераяпти. Куни кеча Самарқандга борганда кўрдик, биргина вилоятда 174 минг одам ишсиз. Бу нима дегани? Одамларга имконият яратиш, енгиллик бериш бўйича жуда катта ҳаракатлар қилаяпмиз. Аммо айрим ҳокимлар ажратилган пулларни тўғри ишлатишни жой-жойига қўя олмаяпти. Одамларга манфаати бўлмаган жойларга давлат пулини йўқотиш – хиёнат, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент ҳокимларда жойларда лойиҳаларни ишга тушириш бўйича тасаввур етишмаслиги, одамларни иш билан таъминлашда натижа пастлигини танқид қилди.
– Одамларни ҳар бир соҳада илм, билимли қилмоқчимиз. Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик, деган саволни ўзимизга берайлик. Шунинг учун бугун сўзга чиққан ҳар бир ҳоким аниқ йўналишлар бўйича ҳисобот бериши керак. 27 йил давомида йўл қўйилган қолоқликдан қутулиш учун ҳунаримиз, билимимиз, тажрибамиз кам, имкониятимиз чекланган. Бугун дунёқарашингизни ўзгартириб, аравани тортмасангиз ўрнингизга бошқа, ёш, билимли йигитларни олиб келишга мажбур бўламан, – деди Президент.
ЎзА