Ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар доирасида оилаларни мустаҳкамлаш, маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш мақсадида Мудофаа вазирлиги қўшинларида анъанавий ўтказиб келинаётган “Намунали ҳарбий оила” кўрик-танлови алоҳида аҳамиятга эгадир.

Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари миқёсида “Намунали ҳарбий оила” танловининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди.

Нукус ва Урганч гарнизонларидан энг намунали, деб топилган тўрт нафар ҳарбий оила танлов шартларида соғлом рақобат тамойили асосида ўзаро беллашиб, ҳарбий қисмларнинг шарафини муносиб ҳимоя қилди.

“Мустаҳкам оила – жамият таянчи” номли биринчи шартда III даражали сержант Баҳром Омоновнинг оиласи уч ўғилни ўстираётган бахтиёр ота-оналар тимсолида гавдаланган бўлса, катта сержант Жасур Холдоров оиласи барчада ҳавас уйғотгудек таассурот қолдириб, олқишларга сазовар бўлди.

Дарҳақиқат, халқимизнинг миллий қадриятлари оилада ўзаро ҳурмат ва ишонч, садоқат туйғулари билан уйғундир. Танловнинг “Ота – оила устуни” номли шарти орқали оталар образи гоҳ шеърий мисраларда, гоҳ видеотасвир орқали томошабинлар диққатига ҳавола этилиб, оталик вазифасининг масъулияти намойиш этилди. Бу шартда Холмуродовлар оиласи “Қариси бор уйнинг париси бор” нақлига амал қилиб, ўз ота-оналарига меҳру-муруввати, ҳурмату-эҳтиромини намоён этган ҳолда фарзандларига намуна бўлаётганлиги, айниқса, ҳайъат аъзоларининг юқори балларини олиб берди.

“Аёл – моҳир яратувчи” шартида оила бекалари қўл меҳнати билан яратилган ҳунарларини саҳнада кўргазмали тарзда намойиш қилди. Нафақат оилада, балки қўшнилар эътиборида моҳир ошпаз номи билан довруғ қозонган Хилола Омонова шарт давомида карвин санъатидаги маҳоратини ишга солиб, мевалар гулдастасини бирпасда яратиб берди.

Ҳар бир ота-она фарзандни дунёга келтираркан, уни халқ манфаатини ўйлаб, юртнинг эртанги кунига ярайдиган жонкуяр инсон бўлсин деб тарбиялаб, ҳаёт йўлларида ўз ўрнини топиб кетишида муҳим роль ўйнайди. Шу боис “Фарзандим – дилбандим” шарти танлов иштирокчиларининг нақадар масъулиятли ота-она эканини кўрсатиб беришга ёрдам берди. Саҳнада спортчи, санъаткор, тафаккури юксак бўлган болажонлар ўз иқтидорларини кўрсатишди.

-Халқимиз меҳмондўстлиги, болажонлиги, оилапарварлиги билан ажралиб туради. Оилани муқаддас билиб, унинг шаъни, муваффақиятлари,  мустаҳкамлиги учун курашади. Ҳарбийларнинг оилалари бошқаларга доим ўрнак бўлиб келишини тилайман. Зеро ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи бўлиш катта синоатдир, – дейди ҳайъат аъзоси, Нукус шаҳар ҳокимлиги вакили Дилбархон Тўремуратова.

Малакали ҳайъат аъзоларининг одилона қарорлари ғолибларни адолат мезонлари асосида аниқлаб беришда кўмак берди. Шундай қилиб, шоҳсупанинг биринчи поғонаси танловда мутлақ ғолибликни қўлга киритган Нукус гарнизонидан III даражали сержант Баҳром Омонов оиласига насиб этди. Эндиликда бу оилага янги масъулият – танловнинг республика босқичида ҳарбий округ шарафини ҳимоя қилиш юклатилади.

“Энг аҳил ҳарбий оила” номинациясида катта сержант Жасур Холдоров оиласи,  “Мухлислар меҳрини қозонган оила” деган хулосага кичик сержант Умид Эргашев оиласи, “Энг қувноқ ва зукко оила” номинациясига эса I даражали сержант Самандар Пардаев оиласи муносиб топилди.

Танлов иштирокчиларига Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлигининг диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизматининг ЎзАга хабар беришича,  “Намунали ҳарбий оила” танловининг якуний босқичи 15 май – Халқаро оила куни арафасида ўтказилади.