Нукусда ОАВда атроф-муҳит ва иқлим мавзусини ёритувчи ҳудудий журналистлар ва блогерлар иштирокида “Иқлим ўзгариши – глобал ҳалокатми ёки янги ривожланиш парадигмаси?” мавзусида Café Scientifique форматидаги учрашув ўтказилди.
Баҳс-мунозарада БМТ ТД эксперти Лилия Завялова глобал иқлим ўзгаришининг асосий сабаблари ва унинг одамлар ҳаётига ижтимоий-иқтисодий таъсири ҳақида, шунингдек Ўзбекистон делегациясининг БМТ Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси Томонларининг 26-конференциясида (ЦОП-26) бўлиб ўтадиган музокараларга кўраётган тайёргарлиги тўғрисида гапириб берди. Ушбу конференция 2021 йил ноябр ойида Глазгода (Буюк Британия) бўлиб ўтади. Айтиш жоизки, унинг ўтказилиши глобал исишга нисбатан кўриладиган чора-тадбирлар бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштиришда муҳим қадам ҳисобланади.
Учрашувда иқлим ўзгариши бўйича ўтказиладиган музокараларнинг илмий ва сиёсий мазмуни, мамлакатлар томонидан Киото протоколи, Париж келишуви ва иқлим муаммолари бўйича бошқа халқаро ҳужжатлар бўйича мажбуриятларнинг бажарилиш шартлари ҳақида сўз юритилди.
Журналистлар, экспертлар, лойиҳа иштирокчилари ҳамкорликда алоқалар самарадорлигини ошириш бўйича қандай ишларни амалги ошириши кераклиги юзасидан фикрлар билдирилди.
– Журналистлар кенг жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишда муҳим рол ўйнайди, – дейди Ўзбекистон Замонавий журналистикани ривожлантириш марказининг директори Саида Сулаймонова. – Фуқаролик жамиятининг иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга жалб этилганлик даражаси уларнинг касбий маҳоратига, журналистик материалларнинг сифатига, тақдим этиладиган ахборотнинг долзарблиги, ҳаққонийлигига боғлиқ.
Мазкур учрашув БМТ ТД, Ҳамдўстлик ва ривожланиш ишлари (ФЦДО) бўйича Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказининг ҳамкорликдаги “Марказий Осиёда иқлим хавфсизлиги бўйича сиёсий чоралар” минтақавий лойиҳаси доирасида ўтказилди. Ушбу лойиҳа иқлим ўзгаришига қарши курашишда фаол ва изчил ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш орқали Марказий Осиёда иқлим хавфсизлигини таъминлаш бўйича стратегик чораларни кучайтиришга йўналтирилган.
Е.Қаноатов, М.Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА