Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари саккизинчи сессиясида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёни ижросини таъминлаш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 6 апрель куни Бўзатов туманида бўлиб ўтган шеърият фестивали шулар жумласидандир. Унда мамлакатимизнинг таниқли адиблари, адабиёт ихлосмандлари, ижодкор ёшлар иштирок этди

Тадбир иштирокчилар томонидан туман марказидаги Бердақ боғидаги шоир ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланди.

Шеърият фестивалининг тантанали очилиш маросимида мамлакатимизда миллий маданиятимиз билан адабиётимизни ривожлантириш, шу орқали ёш авлодни она Ватанига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилаётган эътибор хусусида сўз борди.

Таъкидланганидек, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида олға қадамлар ташланаётган бугунги кунда адабиётимиз билан маданиятимизни чуқур ўрганиш ва оммалаштириш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан 2021 йилдан бошлаб ҳар йили апрель ойининг биринчи ҳафтаси мамлакатимизда «Китобхонлик ҳафталиги» этиб белгиланди. Бўзатов туманида ўтказилаётган шеърият фестивали мана шу ҳафталик доирасида ташкил этилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Бўзатов туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Гулсанем Оразбаеванинг Президент қарорига кўра, Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланиши қорақалпоқ ёшларига кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги ифодаси бўлди.

Фестивал иштирокчилари тумандаги янгидан фойдаланишга топширилган ишлаб чиқариш корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари фаолияти билан танишди. Ёшлар марказидаги мушоира кечасида таниқли адиблар билан бир қаторда туманнинг ижодкор ёшлари – Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Г.Оразбаева, халқаро танлов ғолиби М.Қалбоева, шунингдек, Г.Сарибоева ва Қ.Қалмуратовлар ўз ижодий ишлари билан иштирок этди.

Тадбир туман марказидаги амфитеатрда санъат усталарининг гала концерти ва ижодкор ёшларни тақдирлаш маросими билан давом этди.

 

Довуд Абибуллаев,  ЎзА