Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманининг энг чекка «Белтау» овул фуқаролар йиғинида «Томорқа – даромад манбаи» мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирнинг асосий мақсади томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, бу борадаги “Намунали томорқачи”ларнинг илғор тажрибаларини аҳоли ўртасида оммалаштириш, қишлоқ аҳолисини банд қилиш орқали оилаларга даромад манбаини яратишдан иборат.
Бугунги кунда овул фуқаролар йиғинида 167 та хонадонда 1068 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуд аҳолисининг томорқа ерларидан фойдаланишида айрим муаммолар мавжуд эди. Шу нуқтаи назардан “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти вакиллари, Элликқалъа, Беруний, Хўжайли, Амударё, Тахиатош туманларидан уста деҳқон ва томорқа ер эгалари, қуёнчилик ва асаларичилик билан шуғулланувчи тадбиркорлар иштирокида амалий семинар ташкил этилди. Улар томорқачилик ва тадбиркорликнинг афзалликлари хусусида ўзларининг илғор тажрибалари билан ўртоқлашди.
Овул фуқаролар йиғинида 6 та хонадонга иссиқхона қуриб берилди. Шунингдек, 40 та хонадонга помидор, булғор калампири, мевали дарахтлар ва турли гул кўчатлари топширилди.
– Тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад томорқадан самарали фойдаланишнинг намунали усулларини чекка ҳудудлар аҳолиси ўртасида ҳам кенг жорий этиш ва тарғиб қилиш, – дейди Қорақалпоғистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Қуўанишбой Нуримбетов.
– Шу мақсадда таклиф этилган миришкор деҳқонларнинг, томорқа ер эгаларининг тажрибаси ўрганилди. Албатта, бу келгусида ўзининг ижобий самарасини беради, деган умиддамиз.
Шу куннинг ўзида аҳоли томорқаларига турли кўчатлар экилиб, мутахассислар томонидан уларни зарур агротехник қоидалар асосида ўз вақтида, сифатли парваришлаш бўйича фойдали тавсиялар билдирилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА