Гувоҳи бўлаётганимиздек, юртимизда коронавирусни юқтириш ҳолати болаларда ҳам учрамоқда.
Аммо болаларни нега эмланмаётгани ота-оналарда қизиқиш уйғотмоқда.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Ботир Қурбоновнинг айтишича, болалар ўртасида ҳам касалланиш ҳолатлари кузатилаётган бўлса-да, дунё олимлари, нуфузли илмий-тадқиқот институтлари томонидан яратилаётган вакциналар болалар ўртасида фойдаланиш мумкинлиги ҳозирча тасдиқланмаган.
Айни пайтгача тайёр бўлган ёки ЖССТ томонидан фавқулодда ҳолатларда фойдаланишга рухсат этилган вакциналар билан болаларни эмлаш ҳозирча кўзда тутилмаган. Шунинг учун 1 апрелдан бошланган эмлаш тадбирларида 18 ёшгача бўлган болаларни эмлашга тавсия этилмаяпти.
Шундай экан, ота-оналардан фарзандлари соғлиғига янада эътиборлироқ бўлиш талаб этилади. Уларнинг гигиена қоидаларига амал қилишини назоратда тутиш, спорт билан шуғулланишини ташкиллаштириш, таомномада витаминларга бой баҳорий маҳсулотлар бўлишига аҳамият қаратиш лозим.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА