Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Мухтар Ибрагимов Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талаба-ёшлари билан учрашди.

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилганлиги ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилаётганлиги эътироф этилди. Ҳар бир жамиятда инсонларнинг тақдири ва келажаги албатта давлатнинг етакчи кучи ҳисобланмиш ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқ.

– Юртимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида улкан ишлар олиб борилмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мухтар Ибрагимов.

– Замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан бири. Биз кенг кўламли ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик. Бу ҳақда гапирар эканмиз, аввало, унинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз, бутун жамиятимиз чуқур англаши муҳим аҳамият касб этади.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда талаба-ёшларнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг аҳамияти, таълим соҳасидаги ўзгариш ва янгиланишлар борасидаги фикр ва таклифлари билан ҳам ўртоқлашилди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА