Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда

Қорақалпоғистонда 3 йил ичида мактабгача таълим ташкилотлари сони 3,3 мартага, боғчаларга болаларни қамраб олиш эса 32 фоиздан 70 фоизгача кўтарилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Қорақалпоғистондаги болалар боғчаларига ташкил қилинган пресс-тур доирасида маълум қилинди.

Таъкидланишича, Қорақалпоғистонда 2017 йилга қадар, яъни мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилган давргача, 318 та мактабгача таълим муассасалари фаолият кўрсатган. Уларнинг 308 таси вазирлик тасарруфида, 3 таси нодавлат, 7 таси ташкилотлар тасарруфидаги боғчалар бўлган. Бугунги кунга келиб боғчалар сони 1033 тага етган. Уларнинг 418 таси давлат, 2 таси ташкилотлар тасарруфидаги, 7 таси хусусий, 77 таси давлат-хусусий шерикчилик асосидаги, 529 таси эса оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳисобланади.

Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилган даврда Қорақалпоғистон Республикасида 318 та болалар боғчасига 3-7 ёшдаги 149 078 нафар боладан 48 106 нафари қамраб олинган бўлиб, бу 32,3 фоизни ташкил қилар эди. 2021 йилга келиб, Қорақалпоғистон бўйича 3-7 ёшдаги болалар сони 156 035 нафарни ташкил этиб, шундан 108 714 нафари мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Бу дегани 3 йил ичида болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш даражаси қарийб 70 фоизга ошганлигини билдиради.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Қорақалпоғистондаги болалар боғчаларига ташкил қилинган пресс-турда Ўзбекистон ва нуфузли хорижий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди. Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, Мўйноқ туманининг янги қиёфаси, Оролбўйи минтақаси болалари учун реабилитация марказига эга кўп тармоқли ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим ташкилотида болалар учун яратилаётган шароитлар билан оммавий ахборот воситалари вакилларини таништиришдан иборат эди.

Тадбир иштирокчилари Нукус шаҳри ҳамда Мўйноқ туманидаги қатор мактабгача таълим ташкилотларида бўлди.

 

Е.Қаноатов, ЎзА